×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон-Эрон ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 14 сентябр куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитида иштирок этиш учун олий даражадаги Эрон делегациясининг ташрифи доирасида мамлакатимизда бўлиб турган Эрон нефт вазири Жавад Авжийнинг музокаралари бўлиб ўтди.

Учрашув давомида тажриба алмашиш ва кадрлар салоҳиятини юксалтириш, нефт-газ ва нефт-кимё тармоқлари эҳтиёжлари учун қўшма корхоналарда ускуналар ишлаб чиқариш ва етказиб беришни ташкил этиш каби йўналишларда узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қуйиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Хусусан, томонлар Ўзбекистондаги нефтни қайта ишлаш заводларини модернизация қилиш, нефт-кимё саноати эҳтиёжлари учун энг юқори халқаро стандартларга жавоб берадиган катализаторлар ишлаб чиқариш ва мақбул нархларда бурғулаш қурилмаларини етказиб беришни ташкил этиш бўйича лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқдилар. Эрон томони лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш чораларини кўришга тайёрлигини билдирди.

Нефт ва газ саноати ходимларининг тажрибаси ва малакасини оширишни назарда тутган ҳолда илмий соҳада ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама қилинди. Эроннинг етакчи илмий-тадқиқот марказлари билан ГТЛ технологиясидан фойдаланган ҳолда газ конденсати ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш каби устувор йўналишларда фаолият юритувчи корхоналар ходимларини тайёрлаш дастурини биргаликда ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Музокаралар якунида томонлар шериклик муносабатларини давом эттириш ҳамда муҳокама қилинган лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш учун «Йўл харитаси»ни биргаликда ишлаб чиқишга келишиб олдилар.

 

Манба: mift.uz