×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон ва Россия икки томонлама келишувлар ижросини тезлаштиришни мақсад қилган

Жорий йилнинг 1 февраль куни Москва шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири Д.Мантуров билан учрашди.

Сўнгги йилларда мунтазам характерга эга бўлган конструктив мулоқот инвестициявий, саноат, савдо-иқтисодий соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликка оид кенг кўламли масалаларни атрофлича муҳокама қилиш имконини берди.

Икки Давлат раҳбарларининг учрашуви ҳамда ундан олдин ўтган йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтган қўшма тадбирлар давомида эришилган умумий қиймати қарийб 7,5 миллиард долларлик 143 инвестиция лойиҳаси ва 1,6 миллиард долларга тенг бўлган 455 савдо битимининг амалга оширилиши кўриб чиқилди. Томонлар лойиҳалар ва шартномалар ҳаётга жорий этилишининг ҳозирги ҳолатини муҳокама қилиб, уларни илгари суриш бўйича биргаликда амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқишга келишиб олдилар.

Олдиндан келишилган лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш ҳамда металлургия, машинасозлик ва кимё саноати каби истиқболли тармоқларда инвестициявий ҳамкорликнинг янги йўналишларини ишлаб чиқишни назарда тутган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги ўртасида ташкил этилган “Лойиҳа офиси”нинг фаолияти ўрганилди. Томонлар шакллантирилаётган лойиҳаларни кўриб чиқишни тезлаштиришга, шунингдек уларни сифатли ва ўз вақтида амалга оширишни таъминлашга қаратилган аниқ механизм ва муддатлар кўрсатилган алоҳида “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашга келишдилар.

Россия технологияларининг юқори даражаси ва Ўзбекистонда фармацевтика йўналишидаги хорижий компаниялар фаолияти учун яратилган қулай шароитлар туфайли муҳим аҳамиятга эга бўлган фармацевтика соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Икки мамлакатнинг тегишли вазирликлари ва илмий-тиббиёт марказларини жалб қилган ҳолда бу борадаги қўшма ишларни фаоллаштиришга келишиб олинди.

Биринчи навбатда инвестициявий ва савдо-иқтисодий соҳалардаги шерикликни кенгайтиришни назарда тутиб, Россия ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш борасида навбатдаги тадбирлар белгиланди. Янги инвестициявий лойиҳаларни ва савдо шартномаларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида жорий йилда Россия Федерациясининг 42 та субъектига Ўзбекистоннинг барча 14 та ҳудуд раҳбарларининг бизнес миссияларини ташкил қилиш, шунингдек, мунтазам равишда онлайн музокаралар олиб бориш режалаштирилаётгани маълум қилинди.

Ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича аниқ келишувларга эришиш мақсадида тўқимачилик, чарм – пойабзал, озиқ-овқат, электротехника ва кимё саноати, қурилиш материаллари ва машинасозлик, қишлоқ хўжалиги соҳаларида Ўзбекистон компаниялари билан ҳамкорлик қилишга қизиқаётган Россиянинг йирик импортчилари ва савдо тармоқлари иштирокида яқин келажакда махсус миссияларни ташкил қилиш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.

Учрашув якунида икки томонлама ҳамкорликнинг алоҳида йўналишлари муҳокама қилинди ва уларнинг ҳар бири бўйича келгусидаги қўшма саъй-ҳаракатлар белгиланди.

 

mift.uz