×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди

6 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Бангладеш Халқ Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси Салмон Фазлур Раҳмон билан учрашув ўтказди.

Музокаралар чоғида инвестициявий, савдо-иқтисодий, саноат, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Икки мамлакат ҳудудида қўшма корхоналар ташкил этиш орқали қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, чарм-пойабзал ва фармацевтика каби соҳаларда саноат ҳамкорлигини йўлга қўйиш учун иккала мамлакат етарли шарт-шароитларга эга эканлиги маълум қилинди. Саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тўғрисида келишувга эришилди.

Томонларни қизиқтирган масалаларни тезкор ҳал этиш механизмини яратиш учун ҳукуматлараро мулоқотни янада фаоллаштириш зарурлиги қайд этилди. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси ва Бангладеш Халқ Республикаси ўртасида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ташкил этиш ва унинг кун тартибини аниқ таклиф ва лойиҳалар билан бойитиш бўйича биргаликда иш олиб боришга келишилди.

Хорижий томон ўзаро туристик оқимларни жумладан, “зиерат туризми”ни ривожлантириш ҳисобига оширишга бўлган қизиқишини қайд этди. Таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди – “Ипак йўли” туризм халқаро университети (Самарқанд) ва “Жаҳангир Нагар” университети (Дакка) ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича якдил қарорга келинди.

Учрашув якунида кўриб чиқилган ҳамкорлик соҳаларини рағбатлантириш ва амалда жорий этиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишилди.

 

https://mift.uz/