×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш йўллари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 7 декабрь куни Абу – Даби шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков БАА Бош вазирининг ўринбосари, Президент ишлари бўйича вазир Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашди.

Музокаралар чоғида инвестициявий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва уни чуқурлаштиришнинг истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил март ойида БААга ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши кўриб чиқилди. Бу борада юзага келаётган масалалар ҳамда қўйилган вазифаларни ижро этиш учун келгусидаги ўзаро ҳамкорлик механизмлари кўриб чиқилди.

Инвестициявий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилар экан, томонлар Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этилган амирлик сармоялари ҳажмини оширишнинг юқори динамикаси ва амирлик компаниялари томонидан лойиҳаларни амалга оширишда эришилган муваффақиятларни қайд этди. Жумладан, Masdar компанияси жорий йилнинг август ойида Ўзбекистонда биринчи қуёш электр станциясини ишга туширди ҳамда ҳозирги кунда учта янги қуёш электр станцияси, хусусан, 457 МВт қувватга эга Шеробод ҚЭС, 220 МВт қувватга эга Самарқанд ҚЭС ва 220 МВт қувватга эга Жиззах ҚЭС қурилиши бўйича ўтказилган тендерларда ғолиб бўлди. Ўзбекистонда Masdar лойиҳаларининг умумий портфели ҳозирда 2 млрд доллардан ортди, қурилаётган электр станцияларининг умумий ишлаб чиқариш қуввати 2,5 ГВтни ташкил этади.

Абу-Даби ривожланиш жамғармаси билан муваффақиятли ҳамкорлик йўлга қўйилгани, жумладан, Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш дастури ҳамда таълим соҳасидаги лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани ҳам алоҳида қайд этилди. Жамғарма билан ҳамкорликда ташкил этилган қўшма инвестиция компанияси фаол иш юритмоқда, хусусан, туризм соҳасида йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда, шунингдек, умумий қиймати 500 миллион долларга тенг бўлган 14 истиқболли инвестициявий лойиҳалар портфели ишлаб чиқилмоқда.

Мулоқот чоғида энергетика, қишлоқ хўжалиги, молия сектори, инфратузилмани ривожлантириш ва соғлиқни сақлаш каби инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш, савдо ҳамда инвестициявий ҳамкорликни диверсификация қилиш, БААнинг етакчи компаниялари қаторидан Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга ошириш учун янги инвесторларни жалб этишга содиқлигини билдирдилар. Бу, ўз навбатида, икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий шерикликнинг мавжуд салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш имконини беради.

 

mift.uz