×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Кредитларга асосланган иқтисодий ўсиш хавфларни келтириб чиқариши мумкин — Fitch

Fitch Ratings рейтинг агентлиги ўзининг янги ҳисоботида Ўзбекистон иқтисодиёти учун хатарлар мавжудлиги ҳақида огоҳлантирди.

Таҳлилчилар 2017 йилда валюта бозорини либераллаштиришдан бошлаб, сўнгги йилларда республика иқтисодиёти ва сиёсатида жиддий ўзгаришлар юз берганини қайд этди. Бироқ бу ҳам муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Валюта курсининг мослашувчанлигини ошириш макроиқтисодий нуқтаи назардан фойдалидир, лекин айни пайтда мавжуд бўлган валюта номувофиқлиги ва иқтисодиёт учун хорижий валютадаги қарзларнинг ортиши туфайли баъзи рискларни келтириб чиқаради, дея таъкидлайди Fitch.

Давлат молиялаштириш манбаларига бўлган ишончни камайтириш ва бозор томонидан белгиланадиган молиялаштириш харажатлари бўйича эришилган ютуқлар тармоқлар ва субъектлар бўйича фарқланади. Банклар, шунингдек, бир қанча номолиявий компаниялар бу йўналишда энг кўп ютуқларга эришди, дея қайд этди Fitch.

Агентлик экспертларининг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг паст қарз юки ислоҳотлар жараёнига ёрдам берган. Бироқ қарзнинг барқарор тез ўсиши ҳам хавф омили бўлиши мумкин.

Ислоҳотларнинг асосий мақсадларидан бири юқори ўсиш суръатларига эришиш — хусусан, электр энергиясини ишлаб чиқариш ва иқтисодиётнинг бошқа муҳим тармоқларига инвестицияларни кўпайтиришдир. Ушбу ўсиш бошқа тармоқларнинг ривожланишига ёрдам бериши мумкин.

«Бироқ кредитларга асосланган юқори ўсиш ҳам хавф-хатарларга олиб келиши мумкин — жумладан, активлар сифатининг пасайиши ва банкларнинг ташқи молиялаштиришга боғлиқлиги ошиши каби омиллар бунга мисол бўлади», — дея огоҳлантиради агентлик.

Бошқарув сифати Ўзбекистон кредит профилининг заиф томони бўлиб қолмоқда. Институционал қувватни ошириш, корпоратив бошқарув, шаффофлик ва халқаро стандартларга яқинроқ ҳисобот бериш Ўзбекистон субъектлари учун асосий муаммо ҳисобланади.

Норматив муҳит бозор механизмларининг ролини оширишга қараб ривожланмоқда. Бироқ, Fitch мутахассисларининг фикрига кўра, ўзгаришларнинг суръати ҳамда талаб қилинадиган вақт ижтимоий ва сиёсий омилларга боғлиқ.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи йил бошига нисбатан 11 фоиз ёки 3,7 млрд долларга ўсиб, 1 октябрь ҳолатига кўра, 37,6 млрд долларни ташкил қилганди.

 

gazeta.uz