×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Калифорния ишбилармон доиралари Ўзбекистон билан ҳамкорликдан манфаатдор

Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасида мазкур ташкилот президенти Жерри Сандерс бошчилигидаги Сан-Диего шаҳри (Калифорния, АҚШ) Минтақавий савдо палатаси делегацияси иштирокида ишбилармонлар қабули бўлиб ўтди.

Тадбирда Калифорния штатининг расмий, ишбилармон, маданий-гуманитар доиралари ҳамда Мексиканинг ушбу штат билан чегарадош шаҳарларидан нуфузли вакиллари иштирок этишди. Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобов йиғилганларни мамлакатимизнинг замонавий тараққиёти, иқтисодиётни либераллаштириш, қулай сармоявий муҳит яратиш, инсон капиталини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши билан таништирди. Шунингдек, делегацияга биринчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг асосий натижалари, Ўзбекистонда муваффақиятли бизнес юритиш истиқболлари, мамлакатимиз бозорига киришдан манфаатдор бўлган хорижий инвесторлар учун имтиёз ва преференсиялар ҳақида маълумотлар тақдим этилди. Жерри Сандерс Ўзбекистон ва Сан-Диего ўртасида фармацевтика, биотехнология, саноатнинг турли соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади. Сан-Диего АҚШда янги бизнес бошлаш учун энг қулай жой деб топилди. 2,5 мингдан ортиқ компанияни бирлаштирган Сан-Диего вилояти Савдо-саноат палатаси қўшма бизнес лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон компаниялари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдан манфаатдор экани алоҳида таъкидланди. Жерри Сандерс томонларни қизиқтирган масалалар юзасидан Ўзбекистоннинг манфаатдор идора ва муассасалари билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатишга тайёрлигини билдирди. Савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш учун томонлар ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйишда амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини таъкидлади. АҚШнинг йиллик даромади 13 миллиард АҚШ долларига тенг йирик хусусий телекоммуникация компанияси вице-президенти Чанел Хокен ўз нутқида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлардан катта таассурот қолдирганини таъкидлади. Шунингдек, у ўз компаниясининг Ўзбекистон билан яқин алоқаларини мустаҳкамлаш, айниқса рақамлаштириш ва интернетдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тарафдори эканлигини билдирди.

Манхеттон-Бич (Калифорния) вице-мери Ричард Монтгомери Элчихонага тадбирни ташкил этгани ҳамда ўзбек маданияти ва анъаналари билан яқиндан танишиш имконияти яратилгани АҚШнинг Ғарбий соҳилидаги барча меҳмонларда катта таассурот қолдиргани учун миннатдорчилик билдирди. – Жорий йилнинг июл ойида юртингизга ташриф буюриб, унинг бой тарихий мероси ва салоҳияти билан янада яқиндан танишишни режалаштирганман, – деди у. Тадбирда мамлакатимиз дизайнери Мархаматхон Умарованинг ўзбек тўқимачилик мактабининг гўзаллиги ва тарихий қимматини яққол намоён этган сўнгги коллекцияси ҳам тақдим этилди. Эслатиб ўтамиз, Сан-Диего Калифорниянинг етакчи минтақаларидан бири бўлиб, ЯИМ (240 миллиард доллар) бўйича АҚШнинг энг йирик йигирмата шаҳарлари қаторига киради. Шаҳарнинг асосий иқтисодий омиллари – мудофаа саноати, туризм, ИТ, илмий-тадқиқот ва бошқалар. Сан-Диегода 50 дан ортиқ кемага эга дунёдаги энг йирик АҚШ денгиз флоти жойлашган бўлиб, сайёҳлик инфратузилмасининг ривожланиши ҳар йили 30 миллиондан ортиқ меҳмонни қабул қилиш имконини беради. Бундан ташқари, Сан-Диего ўзининг инновацион ИТ ишланмалари билан ҳам машҳур. Хусусан, шаҳарда <Qualcomm>, <Nokia>, <LG Electronics>, <Kyocera International>, <Cricket Communications> ва бошқа дунёнинг йирик ИТ-компанияларининг бош қароргоҳи ва инновацион ишланмалари марказлари жойлашган. Калифорния АҚШнинг аҳолиси энг кўп (тахминан 40 миллион киши) ва 3-ўринда (Аляска ва Техасдан кейин) ҳисобланади. Калифорния ЯИМ (3 триллион доллар) бўйича АҚШ штатлари орасида биринчи ўринда туради. Иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқлари – ахборот технологиялари, аерокосмик саноат, нефт қазиб олиш ва қайта ишлаш, шоу-бизнес, қишлоқ хўжалиги.

 

Манба: dunyo.info