×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

UzAuto Motors ўзининг биринчи халқаро облигацияларини чиқаради

«UzAuto Motors» АЖ Ўзбекистон молия вазирлиги ёрдамида яқин кунларда 300 млн. АҚШ доллари миқдоридаги биринчи халқаро облигацияларининг чиқарилиши ва халқаро инвесторлар билан телеконференциялар ўтказилиши ҳақида жаҳон молия бозори иштирокчиларига маълум қилди.

Ташкилотчи банк-андеррайтерлар “Citi” (АҚШ), “MUFG” (Япония), «Natixis» (Франция) ва «Raiffeisen Bank International» (Австрия) каби халқаро миқёсдаги етакчи банклардан иборат.

«UzAuto Motors» АЖ халқаро облигацияларни чиқариш мақсадида “Fitch Ratings” ва “Standard and Poor’s” халқаро рейтинг агентликлар томонидан “B+” (барқарор истиқболга эга) даражаси берилди.

Шунингдек, жорий йилнинг 22-27 апрель кунлари халқаро инвесторлар учун (Global Investor Call) ва “яккама-якка” (one-on-one) форматида телеконференциялар ўтказиш режалаштирилган ҳамда мазкур тадбирларда бир қатор давлатларнинг халқаро инвесторлари иштирок этиши кутилмоқда.

Халқаро инвесторлар қизиқишлари ва молия бозорларининг ҳолатидан келиб чиқиб, кейинги кунларда буюртмалар китоби очилиши ва халқаро облигацияларнинг фоиз ставкаси белгиланиши кутилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, 2018-2020 йилларда республикамиз Молия вазирлиги, “O’zsanoatqurilishbank” АТБ, “O’zmilliybank” АЖ ва “Ipoteka Bank” АТИБ каби банклар томонидан халқаро облигациялар чиқарилган. Бугунги кунга келиб мамлакатимизга жалб этилган хорижий сармоя миқдори 2,65 млрд. АҚШ долларини ташкил этмоқда.

Мазкур транзакция Ўзбекистон Республикаси корпоратив эмитентлари орасида чиқарилаётган биринчи халқаро облигация ҳисобланади.