×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлигида Туркиянинг “Öznakliyat Kara Taşımacılığı A.Ş.” логистика компанияси билан музокаралар олиб борилди

20 январ куни Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлигида Туркиянинг машҳур логистика компаниясининг Öznakliyat Kara Taşımacılığı A.Ş вакиллари ҳамда вице-президенти Хусейн Оз бошчилигида учрашув ташкил этилди. Aгентлик томонидан музокараларда директор ўринбосари Ойбек Елмуратов ва идора мутахассислари иштирок этишди.

Туркия делегацияси Ўзбекистонга қишлоқ хўжалиги соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, хусусан сақлаш, қайта ишлаш бўйича замонавий технологияларни жорий этиш ва қуриш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини узоқ ва яқин масофаларга ташишни ташкил етиш борасида ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилиш учун ташриф буюришди.

Öznakliyat Kara Taşımacılığı A.Ş турли хилдаги, шу жумладан мураккаб ва ностандарт юкларни ташиш билан шуғулланувчи логистика компанияси ҳисобланади. Компания денгиз ва ҳаво йўллари, автомобил ва темир йўллари орқали, шунингдек интермодал ва бирлаштирилган ташишни амалга оширади.

Туркия делегацияси икки томонлама учрашув давомида Ўзбекистоннинг транспорт инфратузилмаси ҳолати тўғрисида батафсил маълумотга эга бўлди. Агентлик томонидан таъкидланишича, 2020 йил 1 январ ҳолатига кўра Ўзбекистондаги темир йўлларининг узунлиги 6150,2 километр, республика автомобил йўллари – 184 минг километрни ташкил этади.

Хусейн Ознинг фикрича, Ўзбекистоннинг энг муҳим халқаро савдо йўлларини боғлашга замин яратувчи ҳудудий жойлашуви унинг катта афзаллиги ҳисобланади. Бироқ, мамлакат ичида логистика хизматларини ривожлантириш учун ҳам катта имкониятлар мавжуд.

Бундан ташқари, томонлар Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантириш масалаларини батафсил муҳокама қилдилар. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 20 миллион тоннадан зиёд мева ва сабзавотлар етиштирилади ҳамда улардан 10 фоиздан камроғи экспорт қилинади. Мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва тайёрлаш бўйича республиканинг кенг тажрибасига қарамай, хорижий мамлакатларга экспорт қилиш мақсадида сабзавот ва меваларни тўғри сақлаш ва чуқур қайта ишлаш учун замонавий агрологистик мажмуаларни қуриш зарурлиги таъкидланди.

Ўзбекистон томонидан қишлоқ хўжалиги мажмуасини қуриш учун ҳудуд сифатида Тошкент, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларини кўриб чиқиш таклиф қилинди. Сурхондарё вилоятида агрокомплексни қуриш Афғонистон, Эрон, Покистон каби мамлакатларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, шу жумладан, мавжуд бўлган йирик логистика терминали “Термиз Карго Марказ” МЧЖ орқали етказиб беришга имкон яратиши таъкидланди.

Музокаралар чоғида Öznakliyat Kara Taşımacılığı A.Ş раҳбари Ўзбекистоннинг энг йирик чакана савдо тармоқларига сабзавот ва меваларни етказиб беришдан ҳам манфаатдор эканлигини таъкидлади. Шу муносабат билан у комплексларни пойтахтга яқинроқда қуриш масаласини кўриб чиқишга тайёр эканини билдирди. 

Учрашув якунида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг навбатдаги босқичини муҳокама қилиш учун Туркия делегацияси томонидан тайёрланган қўшимча сўровномани Агентликка юбориш тўғрисида келишувга эришилди.