×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Тошкентда Ўзбекистон-Туркманистон иқтисодий форуми бўлиб ўтди

4 октябрь куни Тошкентда Туркманистон Президентининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи арафасида Ўзбекистон-Туркманистон иқтисодий форуми бўлиб ўтди.

Хорижий делегацияга Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Э.Оразгелдиев, Ўзбекистон делегациясига эса Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков бошчилик қилди.

Тадбирда асосий вазирлик, идора, тармоқ бирлашмалари ва ассоциациялари, савдо – саноат палаталари раҳбарлари, шунингдек, икки мамлакат ишлаб чиқарувчилари ва тадбиркорлари, жами 100 нафардан ортиқ иштирокчилар қатнашди.

Икки мамлакат делегациялари раҳбарлари ўз чиқишларида икки Давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари туфайли эришилган Ўзбекистон-Туркманистон иқтисодий ҳамкорлиги ривожланишининг жадал суръатларини қайд этдилар. Жумладан, сўнгги бир неча йил ичида икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 3 баробар ошди ва барқарор ўсишда давом этмоқда. Жорий йилнинг дастлабки 8 ойида пандемиянинг иқтисодиётга салбий таъсирига қарамасдан ўзаро савдо ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25% ўсишни кўрсатди.

Э.Оразгелдиев Туркманистон қишлоқ ва сув хўжалиги, саноат, энергетика, савдо, транспорт ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга устувор аҳамият бераётганини таъкидлади. Саноат кооперацияси, рақамлаштириш, инновацион технологиялар ва икки давлатни боғловчи транспорт-логистика йўналишларини ривожлантириш соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари қайд этилди.

Ўзбекистон томони икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг ишга солинмаган салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш учун икки мамлакат иқтисодиётларининг мавжуд ресурслари ва имкониятларини сафарбар қилиш долзарблигини қайд этди. Шу нуқтаи назардан, йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва ўзаро манфаатли савдо битимларини тузишни кўзлаган ҳолда, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича биргаликда самарали ишларни олиб боришга доир мунтазам мулоқот ўрнатиш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон ва Туркманистон иқтисодиётларининг қиёсий афзалликларини ҳисобга олган ҳолда икки мамлакат ҳудудида қўшма корхоналар ташкил этиш ҳамда узлуксиз қўшилган қиймат занжирларини шакллантириш орқали саноат кооперациясини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу йўналишда автомобилсозлик, электротехника ва чарм-пойабзал саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳамда бошқа тармоқларда эришилган муваффақиятлар қайд этилди.

Делегациялар раҳбарлари сўзларининг якунида форум иштирокчиларини қўшма лойиҳалар ва савдо битимларини амалга ошириш юзасидан аниқ келишувларга эришиш мақсадида фаол ҳамкорлик қилишга чақирди.

Форум давомида икки мамлакат турли тармоқларининг инвестициявий, саноат ва савдо салоҳиятини очиб берувчи тақдимотлар ўтказилди. Шунингдек, тадбир иштирокчилари “Made in Uzbekistan” саноат кўргазмасига ташриф буюриб, унда ўзбек ишлаб чиқарувчиларининг маҳсулотлари билан танишиш имконига эга бўлдилар. Бундан ташқари, икки мамлакат тадбиркорлари бир қатор В2В учрашувларини ўтказиб, ҳамкорликни йўлга қўйиш ва истиқболли соҳаларда аниқ лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилдилар.

Форум якунида қишлоқ хўжалиги, кимё, тўқимачилик, электротехника, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва фармацевтика саноати, виночилик, автомобилсозлик ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида қатор инвестициявий битимлар ва савдо шартномалари имзоланди.

 

https://mift.uz/