×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўтган беш ойи давомида Ўзбекистонда 4,4 миллард доллар миқдорида инвестициялар ўзлаштирилди

Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 28 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2021 – 2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Жорий йилнинг январь-май ойлари якунларига кўра Инвестиция дастурига мувофиқ жами 4,4 миллард доллар миқдорида инвестициялар ўзлаштирилган ёки ҳисобот даврида ўзлаштириш кўрсаткичлари прогнозга нисбатан 110 фоизга бажарилиши таъминланган.

Хусусан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар – 2,4 миллард долларни ёки прогнозга нисбатан 125 фоизни, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари – 798,8 миллион долларни ёки прогнозга нисбатан 101 фоизни ташкил этган.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ, «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси, «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси, Фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Хоразм вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларни ўзлаштириш прогноз кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилган.

Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари асосан энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш, коммунал хўжалик соҳаларига, қишлоқ жойларда уй-жой қурилишига ва таълим соҳаларига йўналтирилди.

Бундан ташқари, Инвестиция дастури доирасида қиймати 907,0 миллион долларга тенг бўлган 29 та йирик ишлаб чиқариш объектлари ва қувватлари ишга туширилди ҳамда 6 мингдан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилди.

Мажлис давомида қатор вазирлик, давлат идоралари ва ҳокимлик мутасаддилари 2021-2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастури ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлиги тўғрисидаги ҳисоботлари эшитилди.

Ҳисоботлардан кейин тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларни, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағларини ўзлаштиришдаги камчиликлар кўриб чиқилиб, масъулиятсизликка йўл қўйган раҳбарларга нисбатан таъсир чоралари кўриш бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Шу билан бирга, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларни ўзлаштириш, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағларини самарали ўзлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш белгилаб олинди.

Бунда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилди:

-2021-2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастури доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларни жорий йил якунига қадар ойма-ой ишга тушириш графигини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

-етакчи консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг инвестицияга бўлган талабини ўрганиб, хорижий инвесторлар учун инвестиция лойиҳалари бўйича таклифлар пакетларини шакллантириш;

-тармоқлар ва ҳудудлар кесимида жалб қилинган ва ўзлаштирилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобини юритишни такомиллаштириш бўйича таклиф ишлаб чиқиш.