×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Тўқимачилик ва тикув-трикотаж тармоғи ишлаб чиқарувчилари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 26 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев раҳбарлигида мамлакат тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва экспортчилари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Маълумот учун: 2017 – 2022 йиллар давомида тармоқда қиймати 2,9 млрд долларлик 340 та лойиҳа ишга туширилиб, пахта толасини тўлиқ қайта ишлаш қувватлари яратилди ва натижада ишлаб чиқариш ҳажмлари 64 трлн сўмга етказилиб, 5 баробарга ўсди, экспорт кўрсаткичлари 4 баробарга ошиб 2,9 млрд долларга етказилди, экспорт географияси 66 та давлатни ташкил этди ҳамда тармоқдаги жами иш ўринлари 124 мингтадан 378 мингтага ўсди.

Юздан ортиқ корхона вакиллари иштирок этган йиғилишда тўқимачилик ва тикув-трикотаж тармоғининг янада ривожланишига тўсқинлик қилувчи тизимли муаммолар ҳамда тадбиркорлар ўз фаолиятида дуч келадиган масалалар батафсил муҳокама қилинди.

Хусусан, хом ашё этказиб бериш, экспорт ҳажмини ошириш, ишлаб чиқаришга халқаро стандартларни жорий этиш билан боғлиқ муаммолар ўртага ташланди ҳамда уларни бартараф этиш бўйича конструктив таклифлар ишлаб чиқилди.

Масъул раҳбарларга тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этишда ҳар томонлама кўмаклашиш ва соҳадаги вазиятни тизимли равишда яхшилашга қаратилган марказлашган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.

Мулоқот якунида савол-жавоб сессияси бўлиб ўтди, унинг давомида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил маълумот олдилар.

 

Манба: mift.uz