×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Сингапурнинг етакчи компаниялари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди

3-феврал куни International меҳмонхонасида 5 та етакчи Сингапур компаниялари вакиллари иштирокида Сингапур бизнес федерациясининг ижрочи директори Soo Wei Chieh, бошчилигидаги Халқаро Ўзбекистон-Сингапур давра суҳбати ташкил этилди. Ўзбекистон томонидан ушбу тадбир ташкилотчиси сифатида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги иштирок этди.

Ушбу тадбирда Ўзбекистон бозорида фаолият олиб бораётган «Deloitte & Touche» МЧЖ, «Globalink Logistics», ва «Annexure Financial Solutions» каби халқаро компаниялар вакиллари ҳам иштирок этдилар.

Soo Wei Chieh давра суҳбатини очар экан, сўнгги 3 йил ичида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар мутлақо янги суръатлар билан ривожланиб, халқаро иқтисодий рейтингларда мамлакатимиз мавқеини яхшилашга имкон берганини таъкидлади. Мамлакатни ўзгартириш ва бозор иқтисодиётига асосланган очиқ жамият барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юқори баҳоланди.

У таъкидлашича, валютани конверция қилиш, хорижий компаниялар даромадларини қайтариш бўйича чекловларни олиб ташлаш каби тизимли муаммоларни ҳал қилиш учун кўп ишлар қилинган.

Кейин вазирлик вакили меҳмонларни қутлар экан, Ўзбекистон ва Сингапур ишончли ва узоқ муддатли дўстона муносабатларга эга эканлигини таъкидлади. Кимё ва тўқимачилик саноатида, таълим соҳасида, шунингдек, мева-сабзавот логистика марказини ташкил этишда қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани ўзаро қизиқиш уйғотмоқда.

Шунингдек йиғилиш иштирокчиларига, 5-6 март кунлари Марказий Осиё минтақасида йилнинг муҳим воқеаларидан бири сифатида режалаштирилган кенг кўламли Тошкент халқаро инвестиция форуми ўтказилиши ҳақида хабар берилди.

Тадбир дастурига мувофиқ компания вакиллари Агентлик директорининг ўринбосари Ойбек Элмуратов бошчилигида тақдимот қилдилар.

Агентлик бўлими бошлиғи Бехзодхон Алихонов Сингапур ишбилармон доираларига «Invest in Uzbekistan” тақдимотини ўтказди, сўнгги йилларда мамлакатда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар, шунингдек, мамлакат иқтисодиётининг инвестицион салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берди

«Deloitte», МЧЖ мутахассислари томонидан таёрланган ва Ўзбекистон бозорининг ҳуқуқий ва солиқ тизими ва меҳнат сиёсати тушунчаларини намойиш этадиган тақдимотлари хорижий томонда катта қизиқиш уйғотди.

Музокаралар чоғида Сингапур компаниялари вакиллари бугунги кунда Ўзбекистон Марказий Осиёдаги муҳим бозор эканлигини ва Сингапур корхоналари капитали иштирокида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва инвестиция қилишда самарали йуналиш бўлиши мумкинлигини таъкидладилар. Ҳамкорликнинг устувор ёналишлари қаторига энергетика, АКТни ривожлантириш, кимё саноати, автомобилсозлик ва ўзаро савдо ҳажмини ошириш киради. Хусусан, Ўзбекистон қуритилган ва табиий шаклдаги мева-сабзавот маҳсулотларининг юқори сифати қайд этилди.

Тақдимотдан сўнг икки мамлакат тадбиркорларининг «B2B» форматидаги учрашувлари бўлиб ўтди. Давра суҳбати иштирокчилари учрашувнинг юқори самарадорлигини қайд этдилар ва ҳамкорлик учун кейинги қадамларни белгилаб олдилар.