×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон ва Бангладеш нефть-газ соҳасида ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилмоқда

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги делегацияси нефть-газ соҳасида ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш имкониятларини муҳокама қилиш мақсадида амалий ташриф билан Бангладешда бўлди.

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, илк учрашув Бангладешнинг «PetroBangla» миллий нефть ва газ компаниясида бўлиб ўтди. Унда бурғулаш соҳасида келгусидаги ҳамкорлик режалари муҳокама қилинди.

«PetroBangla» компанияси раиси Назмул Аҳсан янги технологиялар ва қудуқларни бурғулаш тажрибаси, хусусан, Ўзбекистондаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» (М-25) конида водород сульфиди юқори бўлган мураккаб геологик шароитларда қўлланиладиган тажрибага қизиқиш билдирди.

Делегация Дакка шаҳрида Бангладеш энергетика вазири Назрул Ҳамид ва соҳа мутахассислари билан музокаралар ўтказди. Ўзбекистон делегацияси таркибига нефть-газ саноати ва қурилиш секторидаги «ERIELL Group» ва «Enter Engineering» каби йирик компаниялар бошқаруви аъзолари ҳам киритилган.

Сўнгги 10 йил ичида «ERIELL Group» Бангладешнинг қатор конларида нефть ва газ хизматларини кўрсатиб келмоқда.

Томонлар Бангладешнинг нефть-газ соҳасини ривожлантириш, жумладан, янги нефть ва газ конларини ўзлаштириш бўйича ҳукуматлараро даражадаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Бангладеш энергетика вазири Назрул Ҳамид компаниянинг 17 та қидирув қудуқларини бурғулаш ва синовдан ўтказиш бўйича олиб бораётган ишлари натижасида кунига саноат миқёсидаги 600-700 минг куб метр табиий газ оқими билан ижобий натижалар бераётганини юқори баҳолади.

Ўзбекистон мутахассислари нефть-кимё ва углеводород хом ашёси соҳасида катта тажрибага эга экани таъкидланди. Шу муносабат билан Бангладеш нефть қидирув ва қазиб олиш компанияси билан ҳамкорлик истиқболлари алоҳида эътибор қаратилди.

Бангладеш энергетика вазири энергетика соҳасидаги ҳамкорликни юқори баҳолаб, Ўзбекистоннинг углеводородлар соҳасида мамлакат муҳандислари малакасини ошириш тажрибасидан фойдаланиши мумкинлигини таъкидлади.  У, шунингдек,  ҳамкорлик режаларини батафсил ишлаб чиқиш мақсадида мамлакатимизга ташриф буюриш таклифини қабул қилди.

 

Манба: dunyo.info