×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Тошкентда иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Венгрия ҳукуматлараро комиссиясининг 7-йиғилиши бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 4 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков ҳамда Венгрия ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто раислигида иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Венгрия ҳукуматлараро комиссиясининг (ҲК) 7-йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда икки мамлакатнинг асосий вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари ва таълим муассасалари ҳамда дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.

Учрашув чоғида инвестициявий, саноат, савдо-иқтисодий, банк-молия, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди ва келишиб олинди.

Икки мамлакат делегациялари раҳбарлари ўз нутқларида раҳбарлар ва экспертлар даражасидаги икки томонлама идоралараро алоқалар мунтазам ва тизимли равишда олиб борилаётганини, шунингдек, томонларни қизиқтирган соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил кенгайтиришга икки давлат доимий эътибор қаратаётганини таъкидладилар. Икки Давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари ва иродаси туфайли ўзбек-венгер муносабатлари ривожига кўп жиҳатдан катта туртки берилди. Инвестициялар, савдо, туризм, молиявий-техник, маданий-гуманитар ва ҳудудлараро ҳамкорлик соҳаларида муносабатларни мустаҳкамлашга ўзаро тайёрлик билдирилди.

Сўнгги 4 йил ичида ўзбек-вергер савдо айланмасининг ҳажми 3 баравар кўпайгани ва ҳатто 2020-2021 йилларда ҳам, пандемиянинг салбий оқибатларига қарамай, ўсиш динамикасини кўрсатгани маълум қилинди. Бозорлар ва савдо оқимларини диверсификация қилиш, кимё, озиқ-овқат, машинасозлик, фармацевтика ва тўқимачилик саноати маҳсулотларини ўзаро етказиб бериш ҳажмини ошириш учун улкан имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.

Ўзбекистон ва Венгрия тадбиркорлари ўртасида саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратилди. Венгрия бизнесининг Ўзбекистонда ўз фаолиятини кенгайтиришга қизиқиши ортиб бораётгани ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётининг қатор соҳалари, жумладан, фармацевтика ва биотехнологиялар, қурилиш материаллар ишлаб чиқариш, машинасозлик, кимё ва тўқимачилик тармоқларининг юксак саноат салоҳиятига эга бўлгани бунинг зарур замин яратадиган шарт-шароитларидан ҳисобланади. Икки мамлакатнинг тегишли тармоқ идоралари раҳбарлари ҳар бир йўналишда амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган аниқ лойиҳавий таклифларни билдирдилар. Юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва келажакда уларни учинчи мамлакатлар бозорларига экспорт қилиш мақсадида юқори технологияли корхоналарни ташкил қилишга қаратилган қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

Шу нуқтаи назардан, томонлар икки мамлакат ишбилармон доираларини бир-бирига яқинлаштириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш юзасидан якдил фикр билдириб, жорий йилда Ўзбекистон-Венгрия ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши ҳамда ўзбек ва венгер тадбиркорлари иштирокида бизнес-форум ўтказишга келишиб олдилар.

Шунингдек, яқин келажакда 2022-2023 йилларга мўлжалланган Саноат кооперацияси қўшма дастурини унга устувор тармоқлардаги истиқболли лойиҳаларни киритган ҳолда ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тўғрисида келишувга эришилди.

Ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Йиғилиш иштирокчилари ўтган йили имзоланган Ҳудудлараро ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасида ҳудудлар даражасидаги амалий ҳамкорликни фаоллаштиришга қаратилган аниқ тадбирларни муҳокама қилишди. Ўзбекистоннинг Тошкент, Навоий ва Жиззах вилоятлари ҳамда Венгриянинг Пештен, Веспрем ва Фейер вилоятлари ҳудудий маъмуриятлари раҳбарларининг ўринбосарлари бошчилигида доимий ишчи гуруҳлар тузиш, шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорликнинг босқичма-босқич дастурларини ишлаб чиқиш тўғрисида келишувга эришилди. Дастурларга, шу жумладан, ўзаро кўргазмалар, бизнес-форумлар ва савдо миссияларини ўтказиш каби тадбирлар киритилади. Жорий йилнинг иккинчи ярмида икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида Ўзбекистонда Қўшма ҳудудлар форумини ўтказишга келишиб олинди.

Шунингдек йиғилишда маданий-гуманитар ва туризм соҳаларида ҳам қатор келишувларга, хусусан, жорий йилнинг иккинчи ярмида Ўзбекистон ва Венгрия кино ва маданият кунларини ўтказиш, ўзбекистонлик талабалар учун венгер ОТМларида ўқишлари учун Венгрия ҳукуматининг “Stipendium Hungaricum” стипендия дастури доирасида қўшимча квоталар ажратиш, етакчи Ўзбекистон ва Венгрия таълим муассасаларини жалб қилган ҳолда қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Венгрия университетлари ректорларининг навбатдаги қўшма Форумини ўтказишга эришилди. Томонлар ҲҚ  йиғилиши доирасида ўзаро туризм оқимларини кўпайтириш учун қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилган Туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланганини алоҳида қайд этдилар.

Йиғилиш якунлари бўйича эришилган барча битимлар ҳамда келишилган лойиҳа ва ташаббусларни акс эттирувчи якуний Баённома имзоланди.

 

Манба: mift.uz