×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Инфографика: Ўзбекистон иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) инфографикасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 31 март куни бўлиб ўтган йиғилишда эълон қилинган чора-тадбирлар мажмуи келтирилган бўлиб, унда ташқи иқтисодий омиллар таҳлил қилинди, зарур қадамлар белгиланди.

31 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, жаҳон иқтисодиётидаги мураккаб вазиятдан келиб чиқиб ҳудуд ва тармоқларни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда қабул қилинган қарорларда иқтисодиёт ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларига катта эътибор қаратилди.

Марказ инфографикасида кўриладиган чора-тадбирлар мажмуаси келтирилган.

Тижорат банклари томонидан тадбиркорларга хомашё сотиб олиш ва айланма маблағлар учун қўшимча 10 триллион сўм “револьвер” кредитлар ажратилади. Ушбу маблағлар биринчи галда экспортчилар, озиқ-овқат ва истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчиларга тақдим этилади.

Давлат дастурлари доирасида мева-сабзавот етиштириш (2 триллион сўм), оилавий тадбиркорлик (10 триллион сўм), ипотека (13 триллион сўм) ва таълимга (1 триллион сўм) ажратиладиган кредитлар ҳажми ва имтиёзли ставкалари сақлаб қолинади.

Солиқ маъмурчилигидаги янги механизмлар бўйича йил якунигача жарима қўлламаслик, божхона имтиёзларини қўллаш даврини узайтириш бўйича кўрсатмалар берилди. Омборлардаги товарларнинг ҳисобини ва кодларини мажбурий юритиш, мулклар ҳамда ижара шартномаларини электрон рўйхатдан ўтказиш каби янги механизмлар бўйича жарима ва бошқа таъсир чоралари йил якунига қадар қўлланилмайди. Ўз эҳтиёжлари учун олиб келинган хомашё, асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмларга божхона имтиёзларини қўллаш даври ҳозирги 6 ойдан 1 йилгача узайтирилади.

Йил якунига қадар Россия, Украина ва Беларусь билан ишлаётган корхоналарга дебитор қарздорлиги учун жарима қўлланилмайди. Ушбу мамлакатлар билан ишлаётган 179 та экспортчиларнинг 4 триллион сўм банк кредитлари бўйича қарздорлиги узайтирилади, пеня ва жарималар ундирилмайди.

Шу боис йиғилишда хорижий компаниялари билан музокаралар ўтказиб, уларнинг ишлаб чиқариш занжирига қўшилиш бўйича амалий ишларни бошлаш вазифаси қўйилди. Шунингдек, Навоий, Самарқанд, Тошкент вилояти ва 1 сентябрга қадар Бухоро ва Сурхондарёда қўшни мамлакатлар бозорига маҳсулот етказиб берувчи улгуржи савдо ҳудудларини ташкил этиш вазифалари топширилди.

Иқтисодий комплекс раҳбарлари макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш бўйича таъсирчан чораларни давом эттиришлари лозимлиги қайд этилди. Бунинг учун ҳудуд ва тармоқ харажатларини 10 триллион сўмга қисқартириш чораларини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ. Бу вазифа асосан молиявий манбаси аниқ бўлмаган қурилишларни бошламаслик ҳамда бино таъмирлаш, автомобиль, мебель, офис анжомлари харид қилиш каби қўшимча харажатларни тўхтатиб туриш орқали амалга оширилади.

Бу борада ишлатилмаётган захиралар ва имкониятларимиз ҳали кўп. Масалан, ҳозирги кунга қадар қиймати 9 миллиард доллар бўлган 105 та лойиҳа доирасида жалб этилган маблағлар ишлатилмай турибди ёки объектларни қуриш муддатлари чўзилиб кетяпти. Бир ой муддатда ҳар бир лойиҳани ўрганиб, уларни жадаллаштириш топширилди. Бунда, самарасиз ва истиқболсиз лойиҳаларни тугатиш бўйича таклифлар тайёрланади.

Йиғилишда 1,5 мингдан зиёд давлат мулкини савдога чиқариш бўйича яқинда имзоланган Президент қарори ижросини таъминлаш билан боғлиқ вазифалар белгилаб берилди. Масалан, 2022 йил 1 майга қадар 50 мингта (4,5 минг гектар) ер участкаларини савдога чиқариш назарда тутилган.

Йиғилишда ташқи нохуш таъсирларнинг олдини олиш мақсадида иқтисодиёт ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш чоралари белгилаб олинди. Жумладан, иқтисодиёт ўсишини таъминлаш учун жорий йилда 185 триллион сўм миқдорида кредит ажратилади (2021 йилда – 166 триллион сўм эди).