×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Франциянинг «Schneider Electric» компанияси узоқ муддатли шерикликдан манфаатдор

Мамлакатимизнинг Париждаги элчихонаси, «Ўзелтехсаноат» уюшмаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги вакиллари ҳамда Франциянинг «Schneider Electric» компанияси раҳбарияти иштирокида видеоконференция олиб борилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Тадбирда электрон ва электротехника саноатида инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар чоғида шерикларга «Ўзелтехсаноат» уюшмаси фаолияти, республикадаги қулай сармоявий ва ишбилармонлик муҳити, шунингдек, етакчи ихтисослаштирилган хорижий компаниялар иштирокида электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш имкониятлари тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Ўз навбатида, «Schneider Electric» компаниясининг Россия ва МДҲ мамлакатларидаги бизнесни ривожлантириш бўйича раҳбари С.Мележик Ўзбекистоннинг улкан саноат салоҳиятга эга эканини таъкидлаб, компания республикамиз билан узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.

Хусусан, электр жиҳозларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳага қизиқиш билдирди. Француз ишбилармонлари лойиҳани амалга ошириш мақсадида унинг асосий кўрсаткичларини ўрганиб чиқишларини билдиришди.

Тадбир якунида ҳамкорлик масалаларида батафсил маълумот алмашиш учун «Ўзелтехсаноат» уюшмаси вакиллари билан қўшимча учрашувларни ташкил этишга келишиб олинди.