×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбек-қозоқ бизнес-форумида қиймати $2.5 млрддан ортиқ келишувлар имзоланди

21 декабрь куни бўлиб ўтган ўзбек-қозоқ бизнес-форуми якунлари бўйича Самарқанд ва Туркистон шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида битим имзоланди. Шунингдек, томонлар қиймати $2,5 млрддан ортиқ бўлган лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди.

21 декабрь куни Тошкентда Ўзбекистон-Қозоғистон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат асосий вазирлик ва идоралари, тармоқ бирлашмалари, Савдо-саноат палаталари, холдинг компаниялари раҳбарлари ҳамда ишбилармон доираларининг 400 дан ортиқ вакиллари иштирок этди, деб хабар бермоқда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Томонлар ишга солинмаган захира ва имкониятлардан кенг фойдаланиш асосида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида бир қатор йўналишларда бевосита ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш, иккала мамлакат ҳудудида Ўзбекистон ва Қозоғистон вилоятларининг саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаларини ўтказиш, автомобилсозлик, электроника ва электротехника, энергетика, фармацевтика, кимё ва тўқимачилик саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Қозоғистон Республикаси бош вазири ўринбосари — Савдо ва интеграция вазири Серик Жумангарин Ўзбекистон мамлакатнинг Марказий Осиёдаги асосий, ишончли ва истиқболли ҳамкори эканини, форумнинг ўтказилиши минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва жаҳон бозорида Марказий Осиё брендларини яратиш муҳимлигининг яна бир исботи эканини таъкидлади.

Форум давомида вазирлик, идоралар, тармоқ бирлашмалари ва вилоят ҳокимликлари раҳбарлари, шунингдек, икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари тақдимотлар ўтказдилар. Уларда ҳамкорлик салоҳияти атрофлича очиб берилди ва ҳамкорликда амалга оширишга мўлжалланган тайёр истиқболли лойиҳалар таклиф этилди.

Форум якунлари бўйича Самарқанд ва Туркистон шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида Битим, қишлоқ хўжалиги соҳасига доир инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномаларини мужассам этган алоҳида «Йўл харитаси», шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган умумий қиймати 3 миллиард доллардан ортиқ бўлган келишувлар имзоланди.

Форум давомида томонлар ўртасидаги ўзаро товар айирбошлашнинг ўсиш динамикасига сўнгги йилларда икки баравар кўпайиб, 5 миллиард долларга яқинлашгани қайд этилди. Бу кўрсаткични 10 миллиард долларга етказиш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда, бунинг учун яқин келажакда тегишли ташқи савдо инфратузилмаси яратилади, дейилади вазирлик хабарида.

 

Манба: gazeta.uz