×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Тошкентда «Узбекистан Траде Инфо» савдо ахбороти платформаси ишга туширилди

Жорий йилнинг 23-ноябрь куни Tashkent Cityдаги Ҳилтон меҳмонхонасида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, УНCТАД/ЖСТ Халқаро савдо маркази (ХСМ) ҳамкорлигида ишлаб чиқилган ва Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Реадй4Траде Cентрал Асиа” лойиҳаси доирасида савдо қилиш тартиби тўғрисида батафсил ахборот берувчи Узбекистан Траде Инфо платформасини ишга туширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирни инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Бадриддин Абидов очиб берди.

У ўз нутқида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг бизнесни қўллаб-қувватлаш ва савдони ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, шунингдек, Европа Иттифоқи ва жаҳон бозорлари билан савдо алоқаларини ривожлантиришга қаратилган изчил саъй-ҳаракатларининг муҳимлигини таъкидлади.

Тадбир давомида Узбекистан Траде Инфо ахборот платформасининг расмий тақдимоти ҳамда уни ишга тушириш маросими бўлиб ўтди. Шунингдек, ушбу платформа Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг халқаро бозорларга чиқиш учун очиб бераётган имкониятлар муҳокама қилинди.

Узбекистан Траде Инфо онлайн-воситаси трансчегаравий савдо билан боғлиқ маълумотларга бепул ва доимий эга бўлишни таъминлашга, тадбиркорлар учун вақт ва харажатларни қисқартириш ва савдони тартибга солишга, шунингдек савдо жараёнидаги тўсиқларни олиб ташлашга ёрдам беради.

Платформадаги маълумотларнинг янгиланишини таъминлаш учун у жамоа томонидан давлат органлари ва хусусий сектор билан биргаликда ишлаб чиқилди.

Платформа Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган 4 йиллик “Реадй4Траде – Марказий Осиё” лойиҳаси доирасида ишга туширилди. Савдо алоқаларини кенгайтиришга қаратилган ушбу минтақавий лойиҳа Марказий Осиёнинг Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон каби бешта давлатида минтақалараро ва халқаро савдони ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди.

“Узбекистан Траде Инфо” савдо ахборот платформаси трансчегаравий савдони осонлаштириш, мавжуд миллий онлайн-сервислар билан яратилган имкониятларни кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон хусусий секторига халқаро савдонинг барча имкониятларидан фойдаланишда ёрдам беришнинг самарали воситаси бўлиб хизмат қилади.

 

Манба: mift.uz