×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Тошкентда Австрия компаниялари учун «Austria Connect Central Asia» мавзудаги иқтисодий конференцияси бўлиб ўтади

Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев Австрия федерал иқтисодий палатасининг (АФИП) бўлим бошлиғи Давид Пёлцлайтнер ва мамлакатнинг Марказий Осиё бўйича савдо вакили Клеменс Махал билан музокаралар ўтказди.

Музокаралар чоғида  жорий йил 1-3 июнь кунлари Тошкентда Австрия компаниялари учун «Ўзбекистон – юксалаётган юлдуз: Буюк ипак йўли бўйлаб янги имкониятлар» шиори остида «Austria Connect Central Asia» мавзусидаги йирик иқтисодий конференциясини биргаликда ташкил этиш масалалалари муҳокама қилинди.

Ушбу тадбирдан кўзланган мақсад Ўзбекистон ва Австрия ўртасида сармоявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, янги инвестиция ва экспорт шартномаларини тузиш, шунингдек, истиқболли савдо шерикларини излаётган Австрия хўжалик юритувчи субъектларини жалб қилишдин иборатдир.

Austria Connect лойиҳаси Австрия ҳукуматининг мамлакат бизнесини чет элда ривожлантиришга қаратилган ташаббуси ҳисобланади. Унинг доирасида Австрия федерал иқтисодий палатаси ҳар йили ёки ҳар икки йилда энг жозибали минтақаларда шу номдаги конференцияларни ўтказади.

Ўзбекистон пойтахтида икки кун бўлиб ўтадиган «Austria Connect Central Asia» анжуманида Австрия бизнес тузилмаларига мамлакатимиз иқтисодий салоҳияти, инвестиция имкониятлари, қонунчилик, фискал сиёсати ва бизнес юритишнинг бошқа муҳим жиҳатлари ҳақида атрофлича маълумот берилади.

Тадбир расмий очилиш маросими ва республикадаги халқаро молия институтлари фаолияти, логистика инфратузилмаси, инвестиция ва молия сиёсати ҳамда Ўзбекистонда муваффақиятли бизнес юритиш имкониятларига бағишланган бўлимлардан ташкил топади.

Австриянинг Ўзбекистондаги бизнес миссияси доирасида «G2B» ва «B2B» шаклларидаги учрашувлар ташкил этиш, маҳаллий экспорт маҳсулотлари корхоналарининг ишлаб чиқариш объектлари фаолияти билан танишув ва инвестиция лойиҳалари тақдимоти режалаштирилган. Бундан ташқари, МДҲ минтақасидаги энг фаол Австрия компанияларини тақдирлаш мақсадида «Silk Road Biz Award» мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтади.

Учрашув давомида Клеменс Махал Австрия-Ўзбекистон савдо-иқтисодий алоқаларини ривожлантиришда Ўзбекистон раҳбарияти томонидан кўрсатилаётган кўмак учун миннатдорлик билдирди ва 2021 йил ноябрь ойида Австрия бизнес миссиясининг Ўзбекистонга сафари юқори даражада ташкил этилганини таъкидлади.

Шунингдек, Австриянинг Марказий Осиё бўйича савдо вакили Ўзбекистоннинг халқаро майдонда кўп тармоқли иқтисодиётга эга, нейтрал ва мувозанатли минтақавий сиёсатни илгари сурувчи ишончли шерик сифатидаги обрўси нафақат Австрия бизнеси, балки қўшни Европа мамлакатлари компанияларининг ҳам эътиборини тобора кўпроқ жалб қилаётганини билдирди.

АФИП бўлим раҳбари Давид Пёлцлайтнер Ўзбекистонда биринчи марта  «Austria Connect» конференцияси ташкил этилишини таъкидлаб, ушбу тадбир Евросиё қитъаси мамлакатлари бозорида фаолият юритаётган янги компаниялар ва бизнес тузилмалар учун муҳимлигини таъкидлади.

Тадбир Австрия ва Ўзбекистон корхоналари учун экспорт ва инвестиция шартномаларини тузиш, шунингдек, янги шериклар топиш учун муҳим майдонга айланади.

Шу муносабат билан Австрия вакиллари Ўзбекистоннинг барча компанияларини «Austria Connect Central Asia» конференциясида фаол иштирок этишга чақирди.

 

Манба: dunyo.info