×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Нидерландиянинг «BOM Group» компанияси билан музокаралар олиб борилди

Ўзбекистон Республикасининг Бенилюкс мамлакатларидаги элчихонаси ташаббуси билан 14 август куни инновацион иссиқхоналарни лойиҳалаштирувчи Нидерландиянинг «BOM Group» компанияси вакиллари билан онлайн музокаралар ташкил этилди. Тадбир Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги мутахассислари ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги вакиллари иштирокида бўлиб ўтди.

Тадбирда боғдорчилик ва сабзавотчилик соҳасидаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш борасида тажриба, технологиялар ва билимлар алмашиш бўйича ҳамкорлик муҳокама қилинди. «BOM Group» вакилларининг таъкидлашича, компания аҳолининг ҳозирги ва келажакдаги эҳтиёжларини қондиришда талабга жавоб берадиган тежамкор лойиҳаларни таклиф этади.

Компания фаолияти билан батафсил танишиш учун «BOM Group» мутахассиси Роб де Вито ўз тақдимотини намойиш этди. Унда компаниянинг асосий ғояси бўлган иссиқхона лойиҳаларини қуриш ва эксплуатация қилишда сув ва энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишнинг янги усуллари тақдим этилди.

“Ultra-Clima” технологияси сабзавот ва меваларнинг юқори ҳосилини таъминлаш, хавфсизлик талабларига жавоб бериш ҳамда энергия ва сув ресурсларидан минимал миқдорда фойдаланиш имконини беради. Ушбу иссиқхоналар ҳар вақт микроиқлимни сақлаб туради. Энергия тежашга иккиламчи иссиқлик энергиясидан фойдаланиш орқали эришилади.

Ўзбекистон иқлим шароитига эга мамлакатларда иссиқхоналар қуриш тажрибаси ҳақида гап борар экан, лойиҳалар Россия Федерациясининг жанубий қисмида ва Қозоғистон ҳудудида амалга оширилганлиги таъкидланди.

Ҳокимлик вакиллари синов лойиҳасини Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида 1 гектар майдонга эга иссиқхонада амалга ошириш бўйича таклиф билан чиқишди. Ушбу лойиҳа агрономлар учун намуна марказига айланиши мумкин. Бу ерда маҳаллий мутахассислар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда халқаро стандартлар бўйича ўқитилади. Суҳбат давомида минтақадаги иқлим шароити, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш технологияларининг хусусиятлари ва экспорт салоҳиятини кенгайтиришнинг мақсад ва вазифалари ҳақида маълумот берилди.

Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги мутахассислари самарали ҳамкорлик учун ушбу лойиҳада инвестор сифатида қатнашишга тайёр бўлган маҳаллий манфаатдор шерик иштироки талаб қилади. Шу муносабат билан, ҳокимлик вакиллари тегишли маҳаллий шерикларни излашга тайёрлигини қайд этди.

Учрашув якуни бўйича иштирокчилар келгусида ҳамкорлик қилиш ва лойиҳани амалга ошириш бўйича кейинги лойиҳаларни муҳокама қилишга тайёр эканликларини билдиришди.