×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Татаристонлик ҳамкорлар билан қўшма лойиҳаларни илгари суришни жадаллаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 21 январь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Ўзбекистонда уч кунлик ташриф билан бўлиб турган Россия Федерациясининг энг йирик ҳудудларидан бири бўлган Татаристоннинг, унинг вазирликлари ва идоралари, тармоқ ва илмий-таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда ишбилармон доиралари вакилларидан иборат делегациясини қабул қилди. Тадбирда Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси О.Мальгинов ҳам иштирок этди. Учрашувда, шунингдек, тегишлилик бўйича ўзбекистонлик ҳамкорлар -вазирлик ва идоралар раҳбарлари қатнашди.

Таъкидлаш жоизки, ташриф давомида делегация аъзолари бир қатор вазирликлар, идоралар, илмий марказлар ва йирик ишлаб чиқариш корхоналари, жумладан, Тошкент вилоятидаги «Чирчиқ-Химград» саноат парки, Тошкент шаҳридаги «IT-park» ва бошқа объектларда бўлди. Ташриф чоғида вазирликлар, саноат мажмуалари раҳбарлари ва маҳаллий тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилди. Меҳмонлар ишлаб чиқариш жараёни билан танишдилар, қўлланилаётган технологиялар ҳақида батафсил маълумот олдилар, уларга маҳсулот намуналари намойиш этилди, истиқболдаги режалар билан ўртоқлашилди. Россия делегацияси мамлакатимизда ишлаб чиқаришни ташкил этишда кластер ёндашуви қўлланилаётганлигига катта қизиқиш билдирди ва юқори технологияли рақобатбардош товарлар ишлаб чиқаришда ушбу ёндашувнинг афзалликларини таъкидлаб ўтди.

Делегация аъзолари Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳудудларининг ишлаб чиқарувчилари ўртасида саноат кооперациясини йўлга қўйиш учун муҳим имкониятлар мавжудлигини қайд этдилар. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистон ва Россия ҳудудларида жойлашган ишлаб чиқариш корхоналарини жалб этган ҳолда тўлиқ қўшилган қиймат занжирларини шакллантириш ҳисобига икки мамлакат ўртасида инвестициявий ва савдо-иқтисодий шерикликни чуқурлаштиришга салмоқли ҳисса қўшади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда ташриф якунлари сарҳисоб қилинди, эришилган келишувлар кўриб чиқилди ва ишлаб чиқилаётган қўшма лойиҳа ва дастурларнинг жорий ҳолати атрофлича ўрганилди. Қўшма ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди, кимё ва автомобилсозлик, ахборот-коммуникация технологиялари, тиббиёт, энергетика ва уй-жой коммунал хизмати каби соҳаларни қамраб олган лойиҳалар портфелини молиялаштириш манбалари, муддатлари ва ижрочилари кўриб чиқилди. Конструктив мулоқот муҳокама қилинаётган лойиҳаларга оид масалалар юзасидан келишишни жадаллаштириш учун келгусида биргаликда иш олиб бориш алгоритмларини ишлаб чиқиш имконини берди.

Учрашув якунида лойиҳаларни илгари суриш ва амалга ошириш бўйича навбатдаги тадбирлар ҳамда қўйилган вазифаларни бажариш муддатлари белгиланди.

 

mift.uz