×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Афғонистонга қўшни мамлакатлар вазирларининг учрашувида “афғон масаласи”ни ҳал қилиш бўйича келгусидаги ҳамкорлик йўлларини муҳокама қилдилар

Жорий йилнинг 30 ва 31 март кунлари Хуаншань шаҳрида (ХХР) Афғонистонга қўшни давлатларининг 3 – Вазирлар конференцияси бўлиб ўтди. Унда Россия, Хитой, Эрон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари аъзолари ва ташқи ишлар вазирлари иштирок этди.

Конференция доирасида Афғонистонга қўшни давлатлар ташқи ишлар идоралари раҳбарларининг Афғонистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий бошчилигидаги Афғонистон муваққат ҳукумати делегацияси билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда Индонезия ва Қатар ташқи ишлар вазирлари меҳмон сифатида қатнашдилар.

Ушбу тадбирларда Ўзбекистон Республикаси номидан Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков иштирок этди.

Конференцияда можародан кейинги даврда Афғонистондаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни барқарорлаштириш мақсадида кўп томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Томонлар ички ва ташқи муаммоларни ҳал қилишда Афғонистонни қўллаб-қувватлашнинг энг самарали ёндашувлари юзасидан фикр алмашдилар. Шу билан бирга, мамлакат муваққат ҳукумати томонидан ушбу йўналишда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар эътироф этилди.

Афғонистон инқирозини тинч йўл билан ҳал қилиш учун минтақа давлатларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, мамлакатда барча этник ва сиёсий гуруҳларнинг иштирокига асосланган инклюзив ҳукумат тузишни жадаллаштириш, шунингдек, инсон ҳамда аёллар ва миллий озчиликларнининг ҳуқуқларини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди. Афғонистон муваққат ҳукумати томонидан мамлакатдаги террористик ташкилотлар фаолиятига йўл қўймаслик ҳамда Афғонистон ҳудудидан қўшни давлатларга таҳдидларнинг олдини олиш бўйича ўз мажбуриятлари бажарилишининг муҳимлигига, шунингдек, халқаро ҳамжамиятнинг бошқа талабларига алоҳида эътибор қаратилди.

Конференцияда сўзга чиққан С.Умурзаков Афғонистонга мавжуд муаммоларни бартараф қилиш, миллий иқтисодиётни қайта жонлантириш, ижтимоий масалаларни ҳал этиш ва мамлакат ҳаётини нормаллаштиришда кўмаклашишга қаратилган минтақавий ҳамкорликни мувофиқлаштиришни кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Афғонистон муваққат ҳукуматини халқаро миқёсда тан олишнинг механизми ва мезонларини ишлаб чиқиш таклиф қилинди. Ушбу чоралар мамлакатнинг минтақавий макон ва халқаро ҳамжамиятга интеграциялашувини тезлаштириш имконини беради.

Шунингдек, Ўзбекистон томони минтақа давлатлари, ҳамкор мамлакатлар ва Афғонистон билан барча устувор йўналишларда, жумладан, иқтисодий жиҳатдан тиклашни тезлаштириш ва афғон халқининг турмуш даражасини яхшилашга қаратилган йирик инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорликни давом эттиришга содиқлигини билдирди.

Анжуман якунида тарафларнинг қўшма баёноти ва Афғонистонни иқтисодий жиҳатдан тиклашни қўллаб-қувватлаш бўйича “Туньси ташаббуси” қабул қилинди.

Тадбирлар доирасида С.Умурзаков хорижлик ҳамкасблари билан бир қатор икки томонлама учрашув ва музокаралар ҳам ўтказди. Хусусан, Хитой Халқ Республикаси Давлат Кенгаши аъзоси, ташқи ишлар вазири Ван И, Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллаҳиён ва Афғонистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий билан икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Учрашувлар давомида томонлар олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг ҳозирги ҳолатини муҳокама қилдилар ҳамда устувор йўналишларда икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш борасида навбатдаги тадбирларни белгилаб олдилар.