×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

«Ўзбекнефтгаз» $700 млн миқдорида дебют еврооблигацияларини муваффақиятли жойлаштирди

«Ўзбекнефтгаз» АЖ ўз тарихида илк бор Лондон фонд биржасида 700 млн АҚШ доллари миқдоридаги еврооблигацияларини 7 йил муддатга 4,75% ставкада муваффақиятли жойлаштирди. Халқаро облигациялар 120 дан ортиқ Буюк Британия, АҚШ, Германия, Европа хамда Осиё мамлакатлари инвесторлари орасида тақсимланганлиги айтилмоқда.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ ўз тарихида илк бор Лондон фонд биржасида 700 млн АҚШ доллари миқдоридаги еврооблигацияларини 7 йил муддатга 4,75% ставкада муваффақиятли жойлаштирди, дея хабар қилмоқда компания матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, халқаро облигацияларни чиқариш доирасида 5 ва 8 ноябрь кунлари потенциал инвесторлар иштирокида roadshow ўтказилди. Шунингдек, roadshow давомида АҚШ, Европа, Россия Федерацияси ва Осиё мамлакатларидан 35 дан ортиқ институционал инвесторлар билан телеконференция (Global Investor Call) ва йирик халқаро 28 та инвесторлар билан индивидуал учрашувлар ташкил этилди.

«Олиб борилган маркетинг ўрганишлар натижасида 9 ноябрь ҳолатига ташкилотчи банклар (Bank GPB International S.A., Citigroup Global Markets Limited, J.P. Morgan Securities plc. ва MUFG Securities EMEA plc) томонидан Жамиятнинг еврооблигацияларининг бошланғич фоиз ставкаси 5,00% миқдорида белгиланди», — дейилади хабарда.

Халқаро облигациялар 120 дан ортиқ Буюк Британия, АҚШ, Германия, Европа хамда Осиё мамлакатлари инвесторлари орасида тақсимланганлиги айтилмоқда.

Қайд этилишича, халқаро облигацияларни чиқариш доирасида компания томонидан бир қатор тизимли ишлар амалга оширилган, жумладан:

  • Ernst&Young (Буюк Британия) халқаро аудиторлик компанияси томонидан 2017−2020 йиллар ва 2021 йилнинг 1-ярим йиллиги учун жамиятнинг МҲХСга асосан консолидациялашган молиявий хисоботлари аудити ўтказилган;
  • Fitch Ratings ва S&P халқаро рейтинг агентликлари томонидан BB- (барқарор) даражасидаги корпоратив рейтинг ва эмиссиясига рейтинг берилган;
  • облигацияларни чиқариш учун CITI Group, JP Morgan (АҚШ), Mitsubishi UFG (Япония) ва «Газпромбанк» АЖ (РФ) каби ташкилотчи банклар жалб қилинган;
  • барча турдаги юридик экспертизалар (аудиторлик, молиявий, бошқарув) ўтказилган.

2018 йилнинг январь ойида Шавкат Мирзиёев «Ўзбекнефтгаз» раҳбариятига корхонанинг кредит рейтингини олиш ва ташқи бозорга чиқиш учун ишларни жадаллаштириш бўйича топшириқ берган эди. Шу билан бирга, компания «Газпромбанк»ни халқаро капитал бозорларида «Ўзбекнефтгаз» АЖ еврооблигацияларининг дебют эмиссиясининг икки глобал координатори ва муаллифларидан бири этиб тайинлаш бўйича мандат келишувини имзолаганини маълум қилди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ қувватлари ҳозирда йилига қарийб 70 миллиард куб метр табиий газ ва 8 миллион тонна суюқ углеводородлар ишлаб чиқариш имконини беради. Бироқ заҳираларнинг тугаши ва технологик йўқотишлар туфайли сўнгги 15 йил ичида углеводород қазиб олиш сезиларли даражада камайган. Расмий статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2020 йилда нефть қазиб олиш 4,9 фоизга ошиб, 733,6 минг тоннани, газ қазиб олиш 17,8 фоизга камайиб, 49,739 миллиард куб метрни ташкил қилган.

Хабарда келиб тушган жами буюртманомалар миқдори 1,9 млрд доллар, ташкилотчи банклар буюртманомаларисиз — 1,7 мрд доллларга баҳолангани қайд этилган. Якунда «иштирокчиларнинг сифат ва миқдори таҳлили натижасига кўра» еврооблигацияларнинг якуний фоиз ставкаси 4,75% гача туширилганлиги маълум қилинган.