×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон ва АҚШ барқарор савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантирмоқчи

Жорий йилнинг 5-декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистон Республикасидаги янги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Жонатан Хеник билан музокаралар ўтказди. Томонлар сармоявий, савдо-иқтисодий соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.

Жамшид Хўжаев, аввало, Жонатан Хеникни янги лавозими билан табриклаб, касбий фаолиятида муваффақиятлар тилади.

Суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорлик масалаларини биргаликда ҳал этиш платформаларининг самарадорлиги, хусусан, 2021-йил декабрь ойида биринчи учрашуви бўлиб ўтган Стратегик шериклик мулоқоти салоҳияти юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, минтақавий кун тартиби бўйича, жумладан, Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлашнинг самарали ва муҳим воситасига айланган “C5+1” ташаббуси доирасида яқин ҳамкорликни давом эттиришга иккала мамлакатнинг содиқлиги алоҳида та’кидланди.

Шу билан бирга, учрашув иштирокчилари давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш, божхона ма’муриятчилигини такомиллаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш ва интеллектуал мулк ҳуқуқларини та’минлаш масалаларини назарда тутган ҳолда Ўзбекистоннинг ЖСТга а’зо бўлиши жараёнининг бугунги ҳолатини кўриб чиқдилар. АҚШ томони Ўзбекистонга Ташкилотга а’зо бўлиш жараёнида ёрдам беришда давом этишга тайёрлигини билдирди.

Ўзбекистон ва Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (ДФC) ўртасида энергетика, транспорт, та’лим, соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ҳамкорлик доирасида аввал эришилган келишувларни амалга оширилиши, ДФC молиялаштирган ДХШ лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар ушбу йўналишдаги ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқишга келишиб олдилар.

Музокараларда муҳокама қилинган бошқа мавзулар қаторида тўқимачилик соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам ўрин олди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларини АҚШ бозорига экспорт қилиш учун имтиёзли савдо режимини жорий қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Суҳбат якунида икки томонлама кун тартибининг устувор йўналишлари бўйича яқин ҳамкорликни давом эттиришга ўзаро содиқлик билдирилди.

 

Манба: mift.uz