×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон Бухоро ва Хоразм вилоятларининг инвестиция салоҳиятини мустаҳкамламоқда

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев Ирландия халқаро тараққиёт ташкилоти (IDI, Ирландия) раҳбариятини қабул қилди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) маълумотларига кўра, охирги йил мобайнида, IDI экспертлари гуруҳи Бухоро ва Хоразм вилоятларининг сармоявий салоҳиятини ривожлантириш бўйича иш олиб боришмоқда.

Компания вакиллари МИФТ ҳузуридаги Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази ва IDI ўртасида тузилган шартнома бўйича биринчи блокда бажарилган ишлар бўйича ҳисоботларни тақдим этди. Хусусан, компания томонидан Бухоро ва Хоразм вилоятларининг сармоявий салоҳиятини ривожлантириш бўйича комплекс стратегиялар ишлаб чиқилгани, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш мавзусида малака ошириш дастури бўйича вазирлик ва инвестицияларни жалб қилиш учун масъул ташкилотларнинг раҳбарияти ва ходимлари учун кундузги ва онлайн форматда ўқув курслари якунлангани таъкидланди. Машғулотларда Ирландиянинг «Инвестицияларни жалб этиш агентлиги» мутахассислари иштирок этишди.

Бухоро ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари кўмагида компания мутахассислари томонидан ҳудудий IDI бўлимлари ҳам очилиб, ҳар икки вилоятдаги 25 та корхонанинг инвестиция имкониятларини баҳолаш ишлари якунланди. 620 нафар инвесторга мавжуд ҳудудий имкониятлар ҳақида маълумот берилди, улардан 16 нафари ўз қизиқишини билдириб ўзаро манфаатли инвестисия лойиҳаларини амалга ошириш бўйича музокараларни бошлади. Булар ичида тиббиёт ва меҳмонхона хизматлари, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, чорвачилик, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари, тиббиёт буюмлари ишлаб чиқариш ва сотиш соҳалари мавжуд.

Учрашув якунлари бўйича компания вакиллари Ўзбекистонда ўз фаолиятини давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар. IDI кейинги музокаралар чоғида кўриб чиқиладиган вазирликнинг ҳудудий тузилмаларини ўзгартириш ва самарадорлигини ошириш бўйича келгусидаги фаолият концепциясини ишлаб чиқади ва тақдим этади.

 

Манба: dunyo.info