×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон ва Туркия халқаро юк ташувлари соҳасида «E-Permit» тизимини ишга туширади

Мазкур тизим юкларни ташиш учун рухсатномаларни рақамлаштиришга қаратилган

Жорий йилнинг 31 март куни бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг норасмий саммити доирасида эришилган келишувларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳамда Туркиянинг транспорт ва инфратузилма вазирлиги рухсатнома бланкаларини электрон (E-permit) айирбошлаш тизими лойиҳасини ишга тушириш бўйича ҳаракатларни бошлаган эди.

Шу йилнинг июль ойида Халқаро автомобиль ташувлари масалалари бўйича ўзбек-турк қўшма комиссиянинг Тошкентда бўлиб ўтган йиғилишида юк ташувлари жараёнини жадаллаштириш мақсадида мамлакатлар ўртасида рухсатнома бланкаларини электрон (E-permit) айирбошлаш тизимини тадбиқ этиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан вазифалар белгилаб олинганди.   

Ушбу электрон тизимни амалиётга жорий этишнинг дастлабки босқичи доирасида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Туркия томони билан келишган ҳолда илк маротаба E-Permit тизимидан фойдаланиб синов автокарвонини ташкил этди.

Жорий йилнинг 6 ноябрь куни Ўзбекистондан йўлга чиққан автокарвон 10 ноябрь куни “Сарп” чегара ўтказиш пункти орқали Туркияга етиб борди. Автокарвон Туркиянинг транспорт ва инфратузилма вазирлиги мутасаддилари ҳамда божхона маъмурияти вакиллари томонидан кутиб олинди.

Бу каби замонавий рақамли технологиялар ва сўнгги авлод IT ишланмаларининг соҳага кенг жорий этилиши транспорт операцияларини жадаллаштириш ва мамлакатларимиз ўртасида товар оқимини кўпайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

 

https://mintrans.uz/