×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон ва Туркия қишлоқ ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни оширади

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков мамлакатимизда расмий ташриф билан бўлиб турган Туркия Республикаси қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири Бекир Пакдемирли билан учрашув ўтказди.

Учрашув чоғида қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда қишлоқ ва ўрмон хўжалиги соҳасида икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди. Туркия томони ушбу йўналишдаги ҳамкорликни ривожлантириш учун фойдаланилмаётган имкониятларни, шунингдек, Туркия делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида тегишли вазирлик ва идоралар билан ўтказилган учрашув ва музокараларнинг конструктив характерини таъкидлади.

Шуни таъкидлаш керакки, жорий йилнинг 7 февраль куни Тошкент шаҳрида қишлоқ хўжалиги соҳасида Қўшма ишчи гуруҳнинг 3-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда томонлар 14 та устувор йўналиш бўйича амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича таклифлар тўғрисида фикр алмашдилар, 9 февраль куни эса аниқ қўшма ташаббус ва тадбирларни ўз ичига олган тегишли “Йўл харитаси” имзоланди.

Томонлар Туркиянинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги муваффақиятли тажрибасини Ўзбекистонда жорий қилиш истиқболларини қайд этиб, мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳасида илғор турк ишланмаларини жорий этиш, маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш ва фермерларнинг малакасини ошириш чораларини ўз ичига оладиган технологиялар трансфери ва ушбу соҳада тажриба алмашиш тўғрисидаги қўшма декларацияни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш имкониятларини кўриб чиқди.

Шунингдек, томонлар икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйишда амалий ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини билдирдилар. Шу ўринда икки мамлакатнинг йирик компания ва корхоналари вакиллари иштирокида ҳозирги кунда Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган қишлоқ хўжалиги тадбиркорларининг Ўзбекистон-Туркия бизнес-форумининг долзарблиги алоҳида таъкидланди.

Учрашув якунида муҳокама қилинган ҳамкорлик йўналишларини илгари суриш ва амалга ошириш бўйича кейинги тадбирлар келишиб олинди.