×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон ва Покистон ҳукуматлараро даражадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди

Исломобод шаҳрида Ўзбекистон Республикаси билан Покистон Ислом Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссияси (ҲК)нинг 7-йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишга Ўзбекистон томонидан Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, Покистон томонидан Бош вазирнинг савдо ва инвестициялар бўйича маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуд ҳамраислик қилди.

Йиғилиш кун тартибига савдо-иқтисодий, инвестициялар, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик, озиқ-овқат хавфсизлиги, таълим, инновациялар, илм-фан, ахборот технологиялари, туризм ва ҳудудлараро алоқалар йўналишидаги муносабатлар каби кенг кўламли масалалар киритилди.

Тадбир ўзаро ҳамкорликнинг турли йўналишларида мавжуд масалаларни ҳар томонлама муҳокама қилиш учун ўзига хос майдон вазифасини бажариб, ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтиришнинг истиқболли йўналишларини аниқлаш ҳамда уларнинг ҳар бири бўйича амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида кейинги қадамларни белгилаш имконини берди.

Томонлар икки мамлакат ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим юзасидан келишиш жараёни муваффақиятли якунланганини мамнуният билан қайд этдилар. Ҳужжат имзоланганидан кейин уни амалга ошириш учун қўшма “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш бўйича якдил фикрга келинди. Шунингдек, яқин келажакда Ўзбекистон-Покистон товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш мақсадида ўзаро савдонинг мавжуд салоҳиятидан фойдаланиш бўйича фаол иш олиб боришга келишилди.

Икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида саноат кооперациясини чуқурлаштириш чора-тадбирлари кўриб чиқилди. Ўзбекистон ва Покистон ўртасида 2022 йилга мўлжалланган саноат кооперацияси дастурини биргаликда ишлаб чиқишга ўзаро тайёрлик билдирилди. Унга қишлоқ хўжалиги, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, енгил, фармацевтика ва электротехника саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳаларда аниқ лойиҳалар, шунингдек, ушбу лойиҳаларнинг ташаббускорлари ва амалга ошириш муддатлари ҳақида маълумотлар киритилади. Шу мақсадда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан Покистон Савдо вазирлиги ўртасида қўшма лойиҳа офисини ташкил қилиш таклиф этилди. Шунингдек, томонлар турли соҳалардаги ютуқларни намойиш этиш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга икки мамлакат тадбиркорларини жалб қилиш мақсадида Ўзбекистон ва Покистонда мунтазам равишда саноат тармоқ кўргазмаларини ўтказиш амалиётини йўлга қўйишга келишиб олдилар.

Транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам устувор аҳамият берилди. “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор” транс–афғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш, тўғридан – тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш ҳамда қўшма инфратузилмавий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича навбатдаги тадбирлар ишлаб чиқилди. Белгиланган вазифаларни ҳал қилишда тизимли ёндашувни амалга ошириш учун ҲК доирасида транспорт ва логистика бўйича алоҳида кичик комиссия тузишга қарор қилинди.

Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, томонлар ушбу соҳадаги мавжуд шартномаларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича ечимлар ишлаб чиқдилар, шунингдек яқин келажакда алоҳида ҳамкорлик дастурини шакллантиришга келишиб олдилар.

Шунингдек, тадбир доирасида икки мамлакатнинг олий ўқув юртлари, технопарклар, илмий марказлари, илмий-тадқиқот лабораториялари ва бизнес-инкубаторлари ўртасида алоқаларни ўрнатиш, икки томонлама туризмни ривожлантириш ҳамда ҳудудий ўсиш, рақамли иқтисодиёт, архитектура, урбанизация ва инфратузилмавий ривожланиш соҳаларида тажриба алмашишни назарда тутган ҳолда ҳудудлараро ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Йиғилиш якунида тадбирда эришилган барча келишувларни акс эттирувчи тегишли баённома имзоланди.

 

Манба: mift.uz