×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон ва САП: кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш йўлида

23-декабрь куни Саудия Арабистони Подшоҳлиги делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ ўртасида тор доирадаги музокаралар бўлиб ўтди.

Учрашувда икки томонлама савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида муқобил энергия соҳасида қатор йирик лойиҳаларни амалга ошираётган АCWА Поwер компаниясининг ижобий тажрибаси қайд этилди. Компания ҳозирги кунда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда келгусидаги инвестиция ташаббусларини ҳаётга татбиқ этишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ўзаро тайёрлик билдирилди.

Сабиc, Сауди Телеcом, Др. Сулаиман Ал Ҳабиб Груп, Жамжоом Пҳарма, Ал Ражҳи Интернатионал ва Ажлан & Брос Ҳолдинг Груп, Ал Ҳокаир Груп каби компаниялар ва Саудия Арабистони Миллий банки билан кимё, телекоммуникация, тиббиёт, фармацевтика соҳалари ва банк сектори, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, чакана савдо тармоқларини ташкил этиш йўналишларида бир қатор лойиҳаларни маромига етказиб, фойдаланишга топширишни тезлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар ҳар икки давлат ҳукуматлари томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини кўрган ҳолда лойиҳаларни амалга оширишни ҳар томонлама фаоллаштириш зарурлигига келишиб олдилар.

Икки давлат ишбилармон доиралари иштирокида бўлиб ўтган бизнес-форум ҳамда унинг давомида имзоланган бир қатор истиқболли битим ва шартномалар юзасидан фикр алмашилди. Эришилган келишувларни ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириш бўйича аниқ амалий чора-тадбирлар кўришга келишилди.

Мулоқот давомида минтақавий аҳамиятга молик инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш, Саудия Арабистони Давлат инвестиция жамғармаси ва Ўзбекистон Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси ўртасида Ўзаро англашув меморандумини имзолашни тезлаштириш, 2023-йил феврал ойида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Саудия Арабистони Ишбилармонлар кенгашининг 5-йиғилиши ҳамда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси”ни ташкил этиш чора-тадбирлари ҳам кўриб чиқилди.

Учрашув якунлари бўйича унинг иштирокчилари сармоявий, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ўзаро содиқлигини тасдиқладилар ҳамда муҳокама қилинган барча лойиҳа ва ташаббусларни ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириш учун ўзаро ҳамкорлик форматини келишиб олдилар.

 

Манба: mift.uz