×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон ва Қозоғистон кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантирмоқчи

Жорий йилнинг 26 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев ҳамда Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – савдо ва интеграция вазири Серик Жумангарин бошчилигидаги икки мамлакат делегациялари ўртасида кенгайтирилган таркибда музокаралар бўлиб ўтди. Учрашувда, шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари, тармоқ бирлашмаларининг масъул раҳбарлари иштирок этди.

Суҳбат давомида икки томонлама ҳамкорликнинг кун тартибидаги долзарб масалалари ҳамда уни кенгайтириш бўйича навбатдаги тадбирлар муҳокама қилинди. Томонлар кўп қиррали икки томонлама муносабатларни ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжудлигини таъкидладилар, шунингдек улардан тўлиқ фойдаланишга қаратилган барча чораларни кўришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Хусусан, саноат кооперациясини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Халқаро саноат кооперацияси марказининг (ХСКМ) ташқи ва ички инфратузилмасини ташкил этиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини, шунингдек, ХСКМ фаолиятини тартибга солувчи тегишли Ҳукуматлараро битимни қисқа муддатда ишлаб чиқишга келишилди.

Шу билан бирга, томонлар автомобилсозлик, фосфор ва комплекс минерал ўғитлар ишлаб чиқариш, электротехника саноатида икки давлат ҳудудларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқдилар.

Фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар дори-дармонларни рўйхатдан ўтказишни соддалаштиришга ва форвард шартномалари асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича биргаликда иш олиб боришга келишиб олдилар.

Темир йўл ва автомобил йўлларининг диверсификацияси ва икки мамлакат ўртасидаги парвозлар сонининг кўпайишини назарда тутиб, транспорт ва логистика соҳасида ҳам ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари таҳлил қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги Икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги 20-йиғилишини ҳамда унинг доирасида Тошкент шаҳрида 4-Қўшма ҳудудлараро форумини ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.

Музокаралар якунида томонлар ўзаро муносабатларнинг барча муҳокама қилинган йўналишлари бўйича яқин ҳамкорликни давом эттиришга содиқлик билдирдилар.

 

Манба: mift.uz