×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштирмоқда

Жорий йилнинг 1-ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Кудратов Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги делегацияси раҳбари Шарлотта Адриан билан учрашди.

Учрашувда томонлар Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” ўзаро боғлиқлик Конференциясига тайёргарликнинг долзарб масалалари ҳамда GSP+ тизими доирасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши, Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (КШТБ)ни имзолаш жараёнини тезлаштириш юзасидан фикр алмашдилар.

Европа кенгаши Президенти Шарл Мишелнинг Ўзбекистонга ташрифи юқори савияда ташкил этилгани ва олий даражадаги музокараларда эришилган кенг кўламли келишувлар қайд этилди.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилди. Жорий йилнинг январ-сентябрь ойларида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 15 фоизга ўсиб, 3,1 миллиард долларга етди, бунга эса Ўзбекистоннинг GSP+ бенефициар мақомини олиши туфайли эришилди. Шу нуқтаи назардан, Европа Иттифоқининг биринчи мониторинг миссияси доирасида мамлакатимизга ҳар томонлама кўмак берилгани учун Европа томонига миннатдорлик билдирди.

Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тайёрлаш борасидаги қўшма ишларнинг бориши ўрганилди. Имзоланишни имкон қадар тезроқ амалга ошириш учун Битим матни юзасидан билдирилган ўзаро таклифларни кўриб чиқиш жараёнини фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар ўзаро муносабатларнинг барча муҳокама қилинган йўналишларда ҳамкорликни янада кенгайтиришга содиқлигини билдирдилар.

 

Манба: mift.uz