×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Озарбайжоннинг «Tovuz-Baltika» компанияси Қувада анор етиштириш ва қайта ишлаш лойиҳасига қизиқиш билдирмоқда

Фарғона вилояти ҳокимлиги, Фарғона давлат университети ва «Қува Агро Инвест» ҳамда «Ихтисослашган Қува анори» кластери вакиллари Озарбайжоннинг «Tovuz-Baltika» компанияси раҳбарияти билан онлайн музокаралар олиб борди. Ушбу учрашув мамлакатимизнинг Озарбайжондаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди.

Музокараларда Фарғона вилоятида мева-сабзавотни қайта ишлаш ва қишлоқ хўжалигида кадрлар тайёрлаш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда Озарбайжон компанияси бош директори X.Maматгасанов Фарғона вилоятининг Қува туманида анор етиштириш бўйича лойиҳани амалга оширишга қизиқиш билдирди.

Унинг таъкидлашича, бундай лойиҳа молиявий фойда билан бир қаторда, минтақанинг экспорт салоҳиятини оширишга ва аҳоли учун янги иш ўринлари яратишга ёрдам беради.

Анор нафақат истеъмол учун мўлжалланган маҳсулот, балки фармацевтика ва косметика саноатининг хомашёси сифатида ҳам қадрланади. Ушбу жиҳатлар режалаштирилган лойиҳанинг истиқболли бўлишини таъминлайди. Масалан, Франция ва Япония томони анор шарбатини сотиб олишга қизиқиш билдиради. Ҳиндистон ва Бангладешда эса ушбу ўсимликнинг барглари дори ишлаб чиқаришда қўлланилади.

Озарбайжонлик ишбилармонлар шу кабиларни эътиборга олиб, анорнинг энг яхши ва оммабоп навларидан бирини етиштириш, шарбатлар ва консервантлар ишлаб чиқариш учун корхона барпо этиш, шунингдек, анорчилик йўналишида кадрлар тайёрлаш каби лойиҳаларни амалга ошириш истагида эканликларини таъкидлашди.

Мамлакатимиз вакиллари инвесторлар ташаббусини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, яқин ҳамкорликка тайёр эканликларини билдиришди.

Манба: “Дунё” АА