×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон Халқаро молия корпорацияси билан ҳамкорликни изчил кенгайтиришни мақсад қилган

Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Халқаро молия корпорацияси (ХМК) бошқарувчи директори Махтар Диоп билан музокаралар ўтказди.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва ХМК ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. М.Диоп Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар кўлами ва суръатларига юқори баҳо бериб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга содиқлигини билдирди.

ХМК раҳбариятига молия бозорини ривожлантириш, давлат-хусусий шериклик, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва соғлиқни сақлаш соҳаларини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларни амалга оширишда кўрсатилаётган маслаҳат ва техник ёрдам учун миннатдорлик билдирилди.

Ўзбекистонда муқобил энергетика ва кимё саноати соҳаларида кенг кўламли лойиҳаларни илгари суришда ХМК нинг ўрни юқори баҳоланди.

Мулоқот чоғида инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш учун хусусий инвестицияларни жалб этишни назарда тутган ҳолда аралаш молиялаштиришнинг инновацион воситаларини жорий этишда ХМКнинг техник ёрдамини жалб этиш масаласи муҳокама қилинди.

ХМК раҳбарияти шунингдек, Ўзбекистон Ҳукумати ва Ислом тараққиёт банки томонидан бошқариладиган Иқтисодий имкониятларни кенгайтириш жамғармаси фаолиятида молиялаштириш ҳамда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда техник ёрдам кўрсатиш орқали иштирок этишга қизиқиш билдирди.

Томонлар Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, шунингдек, бу йўналишда ХМКнинг янги воситаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратдилар.

Муқобил энергия соҳасида давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этишнинг муваффақиятли тажрибасини бошқа соҳаларга, жумладан, соғлиқни сақлаш, таълим, жамоат транспорти, қаттиқ чиқиндиларни бошқариш ва уй-жой коммунал хўжалигига ёйишда ХМК ёрдамини жалб этиш юзасидан келишувга эришилди.

Томонлар, шунингдек, корхонани молиялаштириш механизмини жалб этиш орқали ахборот технологиялари соҳасидаги бошланғич лойиҳаларни илгари суриш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олдилар.

Учрашув якунида муҳокама этилган ҳамкорлик йўналишлари доирасида амалий ҳамкорлик қилиш юзасидан навбатдаги тадбирлар белгиланди.