×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон-Афғонистон: инвестициялар, савдо, энергетика ва транспорт соҳаларида янги истиқболлар

25 май куни Термиз шаҳрида Афғонистон ҳукумати ва ишбилармон доираларининг Ўзбекистонга ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Муҳаммад Шокир Коргар билан музокаралар ўтказди.

Музокаралар чоғида сиёсий, инвестициявий, савдо-иқтисодий ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Кун тартибининг асосий мавзуси “Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор” темир йўлини қуриш лойиҳаси ҳамда уни рўёбга чиқаришнинг амалий жиҳатлари бўлди. Томонлар дала тадқиқотларини ўтказиш, лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, лойиҳани молиялаштириш масалаларини муҳокама этиб, уларнинг ҳар бири бўйича ўзаро мақбул ечимларни ишлаб чиқди. Жорий йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳрида юқори даражадаги уч томонлама ишчи гуруҳ йиғилиши чоғида эришилган келишувларнинг ижросини тезлаштириш бўйича навбатдаги тадбирлар белгиланди.

Шу билан бирга, томонлар апрел-май ойларида Афғонистон ҳудуди орқали Покистондан Ўзбекистонга ва тескари йўналишда амалга оширилган пилот автомобиль қатновининг муваффақиятини олқишлади. Улар икки мамлакатнинг транспорт ва транзит салоҳиятини янада ривожлантириш учун ушбу йўналишда ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.

Саноат кооперацияни ривожлантиришга урғу берган ҳолда икки мамлакат ўртасидаги инвестициявий шерикликни кенгайтириш борасидаги ишларни жадаллаштиришнинг долзарблиги алоҳида таъкидланди. Бу борада енгил саноат, электротехника, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш қишлоқ хўжалиги, чарм-пойабзал ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб ишлаб чиқариш саноати энг истиқболли йўналишлар деб топилди.

Шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама этилди. Ўтган тўрт йил мобайнида ўзаро савдо ҳажми бир ярим баробарга кўпайиб, ўтган йил якунларига кўра қарийб 800 млн долларни ташкил этгани таъкидланди. Томонлар Ўзбекистон-Афғонистон савдо айланмасининг яқин йилларда 2 миллиард доллар даражасига ўсишини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни биргаликда амалга оширишга тайёрлигини тасдиқлади. Савдо ҳамкорлигини фаоллаштириш учун икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасида имтиёзли савдо тўғрисидаги битим лойиҳасини жорий йил охиригача имзолаш мақсадида унинг борасида келишишни тезлаштиришга қарор қилинди.

“Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасининг ишга солинмаган улкан имкониятлари ҳам қайд этилди. Томонлар икки мамлакат тадбиркорларини ушбу савдо майдоннинг ресурслари ва салоҳиятидан фойдаланган ҳолда, ҳамкорликни йўлга қўйишга жалб этиш қўшма чора-тадбирларини қисқа муддатларда ишлаб чиқишга келишиб олдилар.

Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик, хусусан, “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш линиясини қуриш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар зарур лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш бўйича амалий кооперация қилиш йўлларини муҳокама қилдилар ва қурилиш ишларини бошлаш бўйича навбатдаги тадбирларни белгиладилар.

Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболларига ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, томонлар иккала мамлакат маҳаллий аҳолига кенг кўламли тиббий хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш мақсадида иккала давлат чегара ҳудудларида юқори технологик ускуналар ва зарур дори-дармонлар билан жиҳозланган замонавий тиббиёт марказларини ташкил этишга ўзаро қизиқиш билдирди.

Шунингдек, жорий йилнинг сентябрь ойида Кобул шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида ҳамкорликнинг муҳокама этилган йўналишлари доирасида қўшма лойиҳа ва ташаббусларни илгари суриш бўйича кейинги саъй-ҳаракатлар тўғрисида келишиб олинди.

https://mift.uz/