×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Тошкентда Ўзбекистон-Саудия Арабистони бизнес-форуми бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 23-декабрь куни Саудия Арабистони Подшоҳлиги делегациясининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида Ҳилтон Tashkent City меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Саудия Арабистони Подшоҳлиги Инвестициялар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган Ўзбекистон-Саудия Арабистони бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев, Саудия Арабистони Подшоҳлиги инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ, икки мамлакатнинг вазирлик ва идоралари ҳамда 100 дан ортиқ етакчи компаниялари раҳбарлари иштирок этди.

Форумнинг очилиш маросимида делегациялар раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил август ойидаги Саудия Арабистонига ташрифи сўнгги йилларда ижобий ривожланиш динамикасини намоён этаётган Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатларни янада кенгайтиришга кучли туртки берганини алоҳида таъкидладилар.

Жумладан, жорий йилнинг январ-ноябрь ойларида икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 баробарга ошди.

Инвестициявий ҳамкорликда ҳам ижобий ўсиш динамикаси кузатилмоқда – сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистонда Саудия Арабистони капитали иштирокидаги компаниялар сони 5 баробарга ошди. Саудия компаниялари билан биргаликда энергетика, нефт-кимё, соғлиқни сақлаш, инфратузилмани ривожлантириш, фармацевтика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қиймати 17 миллиард доллардан ортиқ лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда иқтисодиётдаги давлат улушини қисқартириш ва давлат корхоналарини хусусийлаштириш, банкларни трансформациялаш, самарали фонд бозорини шакллантириш, устувор тармоқларда давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган ислоҳотларни давом эттиришга қатъий содиқлик билдирилди.

Ташқи савдо ҳажми ва географиясини кенгайтириш учун очилаётган имкониятлар, жумладан, минтақавий бозорлар ва ГСП+ имтиёзлари асосида Европа Иттифоқи бозорларига эркин кириш имкониятларидан самарали фойдаланиш, йирик минтақавий транспорт лойиҳаларини илгари суриш орқали савдо йўлларини диверсификация қилиш ва мамлакатнинг ЖСТга кириш бўйича саъй-ҳаракатлари сўзга олинди.

– Ўзбекистон ва Саудия Арабистони бой табиий ресурсларга, улкан саноат салоҳиятига эга. Биз Ўзбекистонда ҳам, Саудия Арабистонида ҳам юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган қўшма корхоналарни ташкил этишни режалаштирмоқдамиз, улар келгусида аҳолисининг умумий сони 1,4 миллиарддан кўпроқ потенциал истеъмолчиси бўлган минтақавий ва Европа бозорларига, шунингдек, Катта Араб эркин савдо ҳудуди мамлакатларига экспорт қилинади, – деди Жамшид Ходжаев ўз нутқида.

Ўз навбатида Саудия томони Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг суръати ва самарадорлигини, икки томонлама инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни тубдан кенгайтириш имкониятларини юқори баҳолади. Саудия Арабистони инвестициялар вазири икки давлат ўртасидаги сармоявий ва савдо алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича амалий чора-тадбирларни амалга ошириш содиқлигини билдирди ва Саудия Арабистони тадбиркорларини ўзаро манфаатли шартнома ва битимлар тузишга чақирди.

Нефт-газ ва нефт-кимё, машинасозлик, электротехника, озиқ-овқат, тўқимачилик, чарм-пойабзал, ипакчилик, инфратузилма қурилиши ва туризм каби соҳалардаги Инвестицион ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари белгилаб берилди. “Б2Б” ва “Г2Б” музокараларида ишбилармон доираларнинг алоқаларни ўрнатиш ва ҳамкорликда ишлашга қизиқаётганлиги маълум бўлди. Унда тадбиркорлар ва инвесторлар муштарак манфаатлари кашф этишга ва яқин келажакда мустаҳкам келишувларга эришиш мақсадида ўзаро манфаатли янги ташаббусларни муҳокама қилишга муваффақ бўлди.

Форум якунлари бўйича устувор тармоқларни ўз ичига олган ҳужжатлар тўплами имзоланди, уларнинг амалга оширилиши Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик кўламини сезиларли даражада кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни юқори даражада чиқариш имконини беради.

 

Манба: mift.uz