×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Бухоро вилоятида инвестиция, саноат ва экспорт ўсишининг асосий йўналишлари белгилаб олинди

Жорий йилнинг 6 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков раҳбарлигида ҳамда вазирликлар, идоралар, саноат бирлашмалари, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларидан иборат экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси Бухоро вилоятининг инвестиция, саноат ва экспорт салоҳиятини ўрганиш ва иқтисодий ривожланишининг истиқболли йўналишларини аниқлаш бўйича олиб борилган ишлар якунларини сарҳисоб қилди.

Ҳудудий инвестиция дастурининг чуқур таҳлили ва оптималлаштирилиши амалга оширилди: 2020-2021 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган 15,6 трлн сўмлик 915 инвестиция лойиҳалари ўрганилди, уларнинг иқтисодий самарадорлиги баҳоланди ва амалга ошириш графиклари қўшимча қиймат занжирларини ривожлантириш, ишлаб чиқариш, экспорт ва яратиладиган иш ўринларининг энг юқори кўрсаткичларига эга бўлган лойиҳаларни ишга туширишни жадаллаштириш мақсадида қайта кўриб чиқилди. Натижада 172,9 млрд сўмлик 26 та лойиҳани амалга ошириш 2021 йилга қолдирилиб, уларнинг ўрнига жорий йил охиригача 348,8 млрд сўмлик 53 та саноатга йўналтирилган юқори даромадли янги лойиҳалар фойдаланишга топшириладиган бўлди.

тўқимачилик, озиқ-овқат, чарм-пойабзал, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, балиқчилик каби 19 истиқболли тармоқда илмий – ишлаб чиқариш кластерларини яратишга қаратилган 41 лойиҳа ишлаб чиқилди. Жумладан, Бухоро ва Ромитан туманларида тўлиқ ишлаб чиқариш цикли амалга ошириладиган 2 та тўқимачилик ва трикотаж кластерлари яратилиши режалаштирилди: пахта толасини қайта ишлашдан бошлаб тайёр тикув ва трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришгача, Шофиркон, Ромитан, Вобкент, Пешку ва Когон туманларида эса озиқ-овқат саноати йўналишидаги 6 та кластерни ташкил этиш режалаштирилди.

Ўзстандарт” агентлиги томонидан маҳсулот сифатини назорат қилиш бўйича инновацион технологияларни жорий этишни назарда тутувчи синов лабораториялари ташкил этилади, шунингдек, ишга туширилаётган корхоналар кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича махсус дастурлар ташкил этилади.

Бухоро вилоятининг импорт таркиби ва ҳажмлари ўрганилди, жумладан нефть ва газ саноати учун ускуналар ва бутловчи қисмлар, сунъий тола аралашмали калава ип маҳсулотлари, электр маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва бошқа маҳсулотлар. Мавжуд маҳаллийлаштириш дастурига киритиш учун қўшимча равишда ташқи импорт ўрнини босувчи ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича 15 та янги лойиҳа ишлаб чиқилди. Маҳаллийлаштириш дастури доирасидаги жами 43 та лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида 2021 йилнинг охирига қадар 631,6 млрд сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилади ва 1200 га яқин янги иш ўринлари яратилади.

Бухоро вилояти ҳудудида жойлашган “Бухара-агро” ва “Ғиждувон” эркин иқтисодий зоналар фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди.

Айни пайтда “Бухоро-агро” эркин иқтисодий зонасида 245,9 млн долларлик 69 лойиҳа амалга оширилиб, 2 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. 2020-2021 йилларда мазкур зона ҳудудида умумий қиймати 331,7 млн долларга тенг бўлган қўшимча 190 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, бу 1200 га яқин янги иш ўринлари яратиш имконини беради. Ҳозирги кунга келиб “Ғиждувон” эркин иқтисодий зонасида 66,9 млн доллар миқдоридаги 27 лойиҳа амалга оширилиб, 1500 га яқин янги иш ўринлари яратилди. Шу билан бирга, 2020-2021 йилларда умумий қиймати 164,4 млн долларлик 23 лойиҳани амалга ошириш ва 17 мингга яқин янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, 2020 йил охиригача вилоятнинг 13 та кичик саноат зонасида умумий қиймати 248,5 млрд сўм бўлган 98 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, шуларни ҳисобига 3,5 мингдан кўпроқ янги иш ўринлари яратилади.

Мавжуд эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарининг иқтисодий салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш мақсадида жорий йил охирига қадар 92,4 млрд сўм маблағ ажратилиб, муҳандислик инфратузилма ва коммуникацияларини ривожлантириш учун йўналтирилади. Бундан ташқари, янги ташкил этилган 6 та кичик саноат зонасини ўз вақтида газ, электр энергияси ва сув таъминоти тармоқларига улаш чоралари кўрилади.

Комиссия иши давомида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар натижасида 2020 йил охиригача Бухоро вилоятида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 16,8 трлн сўмдан 18,8 трлн сўмгача ўсиши кутилмоқда. Шу билан бирга, экспорт ҳажми 136,2 млн долларни ташкил этиши кутилмоқда. Вилоятда бўш турган саноат корхоналарининг ишга туширилиши натижасида 23 минг иш ўрни ташкил этилади.