×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Инвестициявий ва ташқи савдо фаолияти кўрсаткичлари кўриб чиқилди

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков раҳбарлигида видеоконференция тарзида мамлакатнинг инвестициявий ва ташқи савдо фаолиятининг жорий кўрсаткичлари ҳамда уларни ошириш бўйича навбатдаги чора-тадбирларни муҳокама қилишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари иштирок этди.

Жорий йилнинг биринчи 5 ойи якунлари бўйича ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ҳажми ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичлардан 42 фоизга ошгани маълум қилинди. Шу билан бирга, ўтказилган таҳлил айрим тармоқ ва ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини ҳаётга жорий этиш билан боғлиқ бир қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатди. Амалга оширилаётган лойиҳаларни инвентаризация қилиш, юзага келаётган масалаларни ўз вақтида ҳал этиш бўйича манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда масъул ижрочиларни белгилаш бўйича топшириқлар берилди.

Худди шу тартибда, ташқи савдо кўрсаткичлари ҳам кўриб чиқилди. Жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, республика экспортининг ҳажми ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичлардан 21 фоизга ошди. Тармоқлар ва ҳудудлар кесимида экспорт қилишнинг ҳозирги ҳолати муҳокама қилиниб, маҳаллий тадбиркорларнинг экспорт фаолияти билан боғлиқ юзага келаётган муаммоларга мутасадди вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимликларнинг тезкор жавоб бериши устидан назоратни кучайтириш ҳамда экспортчиларнинг фаолиятида ва экспортга етказиб бериш ҳажмини ошириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишда самарали қўллаб-қувватлашни назарда тутган ҳолда улар билан ишларни фаоллаштириш вазифаси қўйилди.

Йиғилиш якунлари бўйича экспортчи ва инвесторларни қўллаб-қувватлашда йўл қўйилган қолоқлик ва камчиликлар учун интизомий чоралар кўрилди. Хусусан, Бўзатов тумани ва Зарафшон шаҳри ҳокимларининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосарлари ўз лавозимларидан озод этилди.

Инвестиция лойиҳалари ташаббускорларини ўз вақтида қўллаб-қувватламагани натижасида 32 та инвестиция лойиҳаси муддатида ишга туширилмаганлиги ҳамда 395 та янги иш ўринлари кечиктириб яратилганлиги учун 19 нафар ҳоким ўринбосарига хайфсан эълон қилинди.

Бундан ташқари, Шуманай, Чортоқ ва Конимеҳ туманлари ҳокимларининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосарларига ишда йўл қўйилган камчиликларни тузатиш учун 3 ойлик синов муддати белгиланди.

Қўйилган вазифаларни сифатли ва ўз вақтида бажариш юзасидан қўшимча кўрсатмалар берилди. Масъул раҳбарлар экспортёр ва инвесторларни ўз вақтида қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишларининг самарадорлиги учун шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида огоҳлантирилди.