×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармасининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков раислигида видеоконференция шаклида Ўзбекистон – Қирғизистон тараққиёт жамғармаси Кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш кун тартибига Жамғарманинг амалий фаолиятини ташкил этиш ва истиқболли инвестициявий лойиҳаларни молиялаштириш билан боғлиқ бир қатор масалалар киритилди. Шунингдек, йиғилишда Жамғарманинг ташкилий тузилмаси, бюджети, унинг иш тартиби, инвестициявий, кредит ва ҳисоб сиёсатини белгиловчи бир қатор ички меъёрий ҳужжатлар кўриб чиқилди ва тасдиқланди.

Тасдиқланган ҳужжатларга мувофиқ, Жамғарма нафақат ўз маблағлари ҳисобидан, балки бошқа тижорат манбалари, жумладан, халқаро молия институтлари, тижорат банклари, инвестиция компаниялари ва жамғармаларининг маблағларини жалб қилиш орқали истиқболли инвестициявий лойиҳаларни молиялаштириш воситаси сифатида фаолият юритади.

Жамғарма фаолиятининг устувор вазифаси этиб қишлоқ хўжалиги, саноат, транспорт ва логистика соҳаларида қўшма ишлаб чиқаришларни ташкил қилишга қаратилган инвестициявий лойиҳаларни молиялаштириш белгилаб олинди. Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши икки мамлакат иқтисодиётларининг рақобатбардош устунликларидан фойдаланган ҳолда саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда ўзбек ва қирғиз ишлаб чиқарувчилари ўртасида ўзаро боғлиқ қўшилган қиймат занжирларини яратишга ёрдам беради.

Маълумот учун: Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, икки мамлакат иқтисодиётларини модернизация қилиш ва ривожлантириш, шунингдек, устуворликка эга ўзаро манфаатли инвестициявий лойиҳаларни молиялаштириш орқали икки томонлама ҳамкорлик имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадида ташкил этилди. Тегишли Битим ҳар икки иштирокчи давлат томонидан шу йилнинг ноябрь ойида ратификация қилинган.

 

mift.uz