×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

“Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор” темир йўлини қуриш бўйича юқори даражадаги уч томонлама ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 2 февраль куни Афғонистон Ислом Республикаси ва Покистон Ислом Республикаси Ҳукуматлари делегацияларининг Тошкент шаҳрига ташрифи доирасида уч мамлакатнинг асосий вазирликлари, идоралари раҳбарлари, Афғонистон Ислом Республикаси, Покистон Ислом Республикаси ва Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик миссиялари раҳбарлари иштирокида “Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор” темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича юқори даражадаги уч томонлама ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда, шунингдек, халқаро молия институтлари вакиллари қатнашди, улардан айримлари видеоконференцалоқа орқали иштирок этди.

Ўзбекистон томонидан ишчи гуруҳига Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, Афғонистон томонидан ташқи ишлар вазири Ҳ.Атмар, Покистон томонидан Бош вазирнинг савдо, тўқимачилик саноати ва инвестициялар масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Довуд бошчилик қилдилар.

Тадбир энг олий ва юқори даражадаги музокараларнинг мантиқий давоми бўлди. 2020 йил 29 декабрда Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон раҳбарлари “Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор” темир йўлини қуриш лойиҳасини қўллаб-қувватлаш таклифи билан халқаро молия институтларига биргаликда мурожаат юборган эдилар.

Маълумки, Марказий Осиё ва Афғонистон давлатлари халқаро денгиз портларига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга эмас. Шу сабабли улар сезиларли транспорт ва транзит харажатлари қилмоқдалар, бу эса денгиз коммуникацияларидан эркин фойдаланиш шароитига эга бўлган мамлакатлар харажатларидан 2-3 баравар юқоридир. Ушбу муаммо халқаро юк ташишга сезиларли чекловлар қўйган “COVID-19” пандемияси пайтида, айниқса, жуда долзарб аҳамият касб этди.

Бундай шароитда “Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор” темир йўлининг қурилиши Жанубий Осиё ва Европа давлатлари ўртасида Марказий Осиё орқали юкларни ташиш вақтини ҳамда нархини сезиларли даражада камайтиради.

Шундай қилиб, Покистоннинг “Карачи”, “Қасим” ва “Гвадар” денгиз портларига чиқишни таъминлайдиган янги трансафғон темир йўли Жанубий Осиё темир йўл тизимини Марказий Осиё ва Евроосиё темир йўл тизимлари билан боғлайди ҳамда Марказий Осиёнинг транзит салоҳиятини кескин оширишга, катта миқдордаги юк оқимларини жалб қилишга, шунингдек, Европа ва Осиёни энг қисқа қуруқлик йўли билан боғлайдиган кўприк сифатида минтақанинг тарихий ролини тиклашга ёрдам беради.

Лойиҳани амалга ошириш, шунингдек, Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, ўн минглаб янги иш ўринлари ташкил этиш ҳамда темир йўл йўналиши бўйлаб минерал ресурсларга бой захираларни ўзлаштириш (мис, қалай, рух, темир рудаси, мармар, гранит, травертин ва бошқалар) учун шароит яратиш орқали бу мамлакатнинг изчил иқтисодий ўсишини рағбатлантириш учун ноёб имкониятлар очади.

Йиғилиш кун тартибининг бир қисми сифатида “Мозори-Шариф  – Кобул – Пешавор” темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга оширишнинг турли жиҳатлари атрофлича кўриб чиқилди. Геодезик, гидрогеологик ва топографик тадқиқотлар ўтказиш, темир йўл линияси бўлимлари ҳамда тегишли картографик материаллар схемасини тайёрлаш учун уч томонлама қўшма халқаро экспедиция ташкил этиш билан боғлиқ амалий масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, лойиҳанинг дастлабки техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш ҳамда лойиҳаолди тадқиқотларни молиялаштириш учун самарали механизмларни яратиш, қурилиш жараёнини бошқариш ва томонлар масъулиятини тақсимлаш борасида ҳам фикр алмашилди.

Учрашувда сўзга чиққан уч мамлакат делегациялари раҳбарлари ушбу лойиҳани миллий иқтисодиёт, минтақавий ва минтақалараро савдо-сотиқнинг ўсишини рағбатлантириш, қолаверса, уч мамлакат ўртасидаги тарихий савдо-иқтисодий, маданий ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича кучли платформа сифатида баҳолаб, умумий позициясини билдирдилар.

Йиғилишда халқаро молия институтлари вакиллари ҳам сўзга чиқиб, лойиҳанинг стратегик аҳамиятини таъкидлаб, уни амалга ошириш жараёнида ҳамкорликда иштирок этишга тайёр эканликларини билдирдилар. Шу билан бирга, лойиҳаолди ҳужжатларини юқори сифатли қилиб тайёрлашни таъминлаш ва пухта илмий-иқтисодий таҳлил ўтказиш зарурлиги қайд этилди. Темир йўл йўналишининг аксарият қисми тоғли ҳудудлардан ўтгани сабабли лойиҳа мураккаблиги билан тавсифланади.

Ўз чиқишларида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки вице-президенти Константин Лимитовский, Европа тикланиш ва тараққиёт банки вице-Президенти Алан Пиллоу, Ислом тараққиёт банки вице-президенти Мансур Мухтор, Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Лилия Бурунчук, Осиё тараққиёт банки департаменти Бош директори Евгений Жуков, ва Европа инвестиция банки Президентининг маслаҳатчиси Флавия Паланза транс-афғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш ташаббусини маъқулладилар. Улар мазкур ташаббуснинг минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий ва глобал ишлаб чиқариш ва савдо занжирларига интеграциялашувини рағбатлантириш, шунингдек, минтақада барқарор иқтисодий ўсиш ва камбағалликни қисқартириш борасида стратегик аҳамиятини эътироф этдилар.

Ривожланиш бўйича ҳамкорлар лойиҳа ҳаётга татбиқ этилишининг барча босқичларида Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ҳукуматларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини бир овоздан билдириб, уни амалга ошириш учун молиялаштиришнинг турли хил механизмларини жалб этиш таклифини илгари сурдилар.

Хулоса қилиб айтганда, уч мамлакат делегациялари раҳбарлари минтақанинг барқарор иқтисодий ва инфратузилмавий ривожланишини таъминлаш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтиришга қатъий содиқликларини билдирдилар.

Тадбир якунида “Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор” темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича эришилган асосий келишувларни ўзида мужассам этган қўшма “Йўл харитаси” имзоланди.

https://mift.uz/