×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистонда миллий саноат холдингнинг биринчи филиали ташкил этилди

Жорий йилнинг 29 январь куни Фарғона шаҳрида “Миллий саноат холдинги” МЧЖ (МСХ)нинг Фарғона вилоятидаги биринчи филиалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан Фарғона вилояти ҳокимлиги кўмагида ташкил этилди.

Маросимда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси (“UzDIF” АЖ) раҳбарияти, Фарғона вилояти ҳокими Х.Бозоров, Вазирликнинг вилоят бўлинмаси вакиллари, Жамғарма ходимлари, маҳаллий тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Унинг давомида Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси фаолиятининг муҳим жиҳатлари, шунингдек, ташкил этилаётган МСХнинг мақсад ва вазифалари ҳамда фаолиятининг тамойилларини очиб берувчи тақдимот ўтказилди.

Лойиҳадан кўзланган мақсад тадбиркорликни рағбатлантириш, саноатни ривожлантириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида мамлакат ҳудудларида лойиҳаларни молиялаштиришдан иборат. Ушбу ташаббус инвестициявий ва ташқи савдо фаолиятини рағбатлантиришнинг янги тизимининг таркибий қисмларидан бири бўлиб, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан фаол жорий этилмоқда.

МСХ тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш ҳамда замонавий саноат зоналарини ташкил этиш орқали кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга ёрдам беради. Ушбу зоналар тадбиркорлар саноат лойиҳаларни амалга оширишлари учун зарур бўлган тармоқ ва савдо инфратузилмасини ҳамда ишлаб чиқариш мажмуаларини ўзида мужассам этган тайёр саноат ҳудудларидир.

Ушбу концепция ер участкалари сотиб олишни ҳамда у ерда Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари, Стратегик ривожланиш агентлиги ва юқорида қайд этилган янги тизим доирасида ташкил этилаётган ҳудудий лойиҳа гуруҳлари томонидан биргаликда белгиланадиган ҳудуднинг салоҳияти ва эҳтиёжлари асосида тегишли тармоқ ихтисослашувига мувофиқ саноат зоналари ва технопаркларни қуришни назарда тутади.

Келажакда саноат зоналарининг майдонлари мунтазам даромадни шакллантирувчи, паст хавфли тижорий кўчмас мулк кўринишидаги актив сифатида хорижий инвесторлар учун жозибадор бўлиши мумкин.

МСХ халқаро экспертлар билан биргаликда саноат зоналар концепциясини ишлаб чиқишни ташкил қилади, рақобатга асосланган тартибга мувофиқ тадбиркорларнинг лойиҳаларини жойлаштириш учун зарур бўлган туташ инфратузилма, бино ва иншоотларни лойиҳалаш ва қуришни мувофиқлаштиради. Шундай қилиб, маҳаллий тадбиркорларнинг лойиҳаларига киритилаётган инвестицияларнинг катта қисми МСХ томонидан қопланади.

Умуман олганда, ташаббус ҳудудий ички маҳсулотини кўпайтириш, саноат салоҳиятини юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорлар ҳамда капитални бирлаштириш, технологик салоҳиятни юксалтириш ва бюджет даромадларини оширишга мўлжалланган.

 

mift.uz