×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Белорусия ҳукуматлараро комиссиясининг 9-йиғилиши бўлиб ўтди

Минск шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Беларус Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича Қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг 9-йиғилиши бўлиб ўтди. Унга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев ва Беларус Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Леонид Заятс ҳамраислик қилди. Тадбирда икки мамлакатнинг асосий вазирлик ва идоралари раҳбарлари ҳам иштирок этишди.

Йиғилиш кун тартиби доирасида инвестициявий, савдо-иқтисодий, саноат, илмий-техник ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари кўриб чиқилди.

Икки Давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон ва Белоруссия ўртасидаги муносабатлар юқори ва барқарор ривожланиш динамикаси билан ажралиб туриши ва бу, ўз навбатида, устувор йўналишларда ҳамкорликни чуқурлаштириш учун зарур шарт-шароитларни яратиши таъкидланди.

Икки мамлакатнинг савдо-иқтисодий ҳамкорлиги доирасида эришилган ютуқлар қайд этилди. 2021 йилда Ўзбекистон ва Беларус ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 40 фоиздан ошиб, 337,3 миллион долларни ташкил этди. Масъул вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида ўзаро савдони ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳ тузиш, шунингдек, яқин келажакда товарларнинг келиб чиқишини сертификатлашнинг электрон тизимини жорий қилиш тўғрисидаги Битимни ишлаб чиқиш ва имзолаш тўғрисида келишувга эришилди.

Инвестициялар соҳасидаги ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантиришнинг ижобий тенденциялари муҳокама қилинди. Сўнгги уч йил ичида Ўзбекистонда Беларус капитали иштирокидаги корхоналар сони тўрт баробарга ошиб, 157 тани ташкил этди. Жорий йилнинг атиги етти ойида 58 та корхона ташкил этилди. Ўз навбатида, Белоруссияда ўзбек капитали иштирокидаги 101 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Машинасозлик, тўқимачилик, озиқ-овқат, фармацевтика саноати, электроника ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва кейинчалик уларни икки давлатнинг логистика имкониятларидан фойдаланган ҳолда учинчи мамлакатларга экспорт қилиш бўйича ҳамкорликда янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг катта истиқболлари қайд этилди. Саноат кооперацияси соҳасида ҳамкорликнинг янги йўналишлари ва қўшма ташаббусларни ишлаб чиқиш мақсадида шу йилнинг сентябр ойида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Белоруссия бизнес Кенгашининг иккинчи йиғилишини ўтказишга келишилди.

ИТ ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлик масалалари бўйича фикр алмашилди. Белоруссияда 2023 йилнинг биринчи ярмида фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Белоруссия-Ўзбекистон комиссиясининг 2-йиғилишини қатнашчиларнинг бевосита иштирокида ўтказиш, шунингдек, тасдиқланган қўшма Илмий-техникавий ва инновацион ҳамкорлик дастурини ИТ, рақамлаштириш ва юқори технологиялар соҳасидаги янги ташаббус ва лойиҳалар билан бойитиш тўғрисида келишувга эришилди.

Маданий-гуманитар ҳамкорликка, хусусан, таълим ва туризмни ривожлантириш соҳасидаги муносабатларга алоҳида эътибор қаратилди. Белоруссия фуқаролари учун «Оила учун туризм», «Қуёшли таътил», «Витаминли тур», «Ўқиш ва саёҳат» каби махсус туристик хизматларини ташкил этишга тайёрлик билдирилди. Белорусиялик ҳамкасблар жорий йилнинг ноябр ойида бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро туризм ярмаркаси ва 2023 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган БМТ жаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25-сессиясида иштирок этишга таклиф қилинди. 2023-2026 йилларда Ўзбекистон ва Белоруссиянинг етакчи олий ўқув юртлари ўртасида «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, шунингдек, Ўзбекистонда «Беларус киноси кунлари» ва Белоруссияда «Ўзбек киноси кунлари»ни ўтказишга келишилди.

Йиғилиш якунлари бўйича тадбирлар давомида эришилган асосий келишувларни акс эттирувчи якуний протокол, шунингдек, икки давлат Ҳукумат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари якунида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» имзоланди.

 

Манба: mift.uz