×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Россия ҳукуматлараро комиссиясининг 22-йиғилиши бўлиб ўтди

27 октябрь куни Москва шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 22-йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ҳамда Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири М.Решетников ҳамраислигида ўтказилди. Тадбирда шунингдек, иккала мамлакатнинг асосий вазирлик ва идоралари раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Кун тартиби доирасида иккала мамлакатнинг ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, саноат, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар ҳамкорлиги каби кенг кўламли масалалар кўриб чиқилди.

Ҳар икки Давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар мисли кўрилмаган юқори даражага етиб, ривожланишнинг юқори ва барқарор динамикаси билан ажралиб тураётгани таъкидланди. Бу, ўз навбатида, устувор йўналишлар бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш учун шарт-шароитларни яратади.

Икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий шерикликда амалга оширилган салмоқли ютуқлар алоҳида таъкидланди. Ўзбекистонда Россия капитали иштирокида ташкил этилган корхоналар сони ўтган 4 йил давомида 2,5 баробар ўсиб, 2 мингдан ошди. Жорий йилнинг 9 ойида мамлакатда 200 дан зиёд ўзбек-рус корхоналари ташкил этилди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда нефть-кимё, тоғ-кон металлургия, энергетика, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, қурилиш материаллари, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, шунингдек, мева-сабзавотни қайта ишлаш соҳаларида умумий қиймати 14 миллиард доллардан зиёд 150 қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги ўртасида ташкил этилган қўшма Лойиҳа офисининг самарали фаолияти таъкидланди. Офис вазифалари истиқболли инвестиция таклифларини ишлаб чиқиш ҳамда келгусида ҳаётга татбиқ этиш учун янги лойиҳаларни шакллантириш эканлиги қайд этилди. Маълум қилинишича, айни пайтда Лойиҳа офиси эксперт ва мутахассислари умумий қиймати қарийб 9 млрд долларга тенг бўлган 180 дан ортиқ лойиҳанинг янги портфели устида иш олиб бормоқдалар. Ўзбекистон ва Россия ишбилармон доиралари ўртасида янги алоқалар ўрнатиш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда: ўзаро бизнес миссиялар, форумлар, саноат кўргазмалари ва бошқа қўшма тадбирлар ташкил этилмоқда. Хусусан, жорий йилда Тошкентда ўтказилган “Иннопром” саноат кўргазмаси якунлари бўйича умумий қиймати 3 млрд доллардан зиёд 300 дан кўпроқ битим имзоланди.

Ўзаро савдони ривожлантиришнинг ижобий тенденциялари муҳокама қилинди. Бу борада ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича улкан имкониятлар борлиги қайд этилди. Жумладан, совутгичли вагонлардан ташкил топган темир йўл поездларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жадал етказиб бериш бўйича “Агроэкспресс” лойиҳаси Ўзбекистон-Россия савдосини ривожлантириш драйверига айланиши мумкин. Лойиҳа доирасида Ўзбекистондан янги узилган мева ва сабзавотларни биринчи марта етказиб бериш жорий йилнинг ноябрь ойи ўрталарига режалаштирилган. “Бизнинг муштарак мақсадимиз 2030 йилга бориб мамлакатларимизга темир йўл орқали 1 млн тонна маҳсулот етказиб беришдир”, – деди М.Решетников.

Шунингдек, кун тартибининг асосий йўналишларидан бири минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш бўлди. Маълум қилинишича, ўтган икки ой мобайнида Ўзбекистоннинг 7 та вилоят раҳбарлари делегациялари Россиянинг 20 та вилоятига ташриф буюриб, келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан натижадор музокаралар ўтказдилар. Минтақалараро алоқаларни янада кенгайтириш, саноат кооперацияси янги лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда савдо шартномаларини тузиш мақсадида Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари раҳбарларининг яқин келажакда қўшимча ўзаро ташрифларини ташкил этишга келишилди.

Маданий-гуманитар муносабатларга, хусусан, таълим соҳасидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилишича, ҳозирги вақтда Ўзбекистонда Россия университетларининг 15 та филиали фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилнинг 1 октябрь куни ВГИК (Герасимов номидаги Бутунроссия Давлат кинематография институти) филиали, яқин келажакда яна иккита университет-дизайн ва технология университетининг филиаллари очилиши кутилмоқда. Косигин ва Москва Давлат Геодезия ва картография университети. Шу нуқтаи назардан юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий-тадқиқот ва тараққиёт соҳасидаги ҳамкорлик қилиш ҳамда Таълим форуми, Медиа-форум, Россияда Ўзбекистон маданияти кунлари ва бошқа қатор қўшма тадбирларни ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.

Йиғилиш давомида икки мамлакат вазирликлари ва идораларининг раҳбарлари тақдимотлар ўтказиб, тармоқлар ва йўналишлар кесимида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича истиқболли режелари билан бўлишди. Билдирилган таклифлар атрофлича кўриб чиқилиб, инвестициялар, савдо, саноат кооперациясини ривожлантириш, транспорт ва транзит, маданий-гуманитар ҳамкорлик ҳамда сайёҳлик соҳасида илгари сурилган ташаббусларни амалда жорий этиш бўйича ҳамкорлик қилиш механизми белгилаб олинди.

Хусусан, энергетика, фармацевтика ва машинасозлик соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг муҳим истиқболлари белгилаб олинди. Россия компаниялари Ўзбекистон кон-металлургия саноати корхоналарини модернизация қилиш ва машинасозлик ҳамда дастгоҳсозлик соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этади. Шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқариш объектлари асосида Россия технологияларидан фойдаланган ҳолда автомобил ва қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқариш ҳажмларини изчил ошириш режалаштирилди. Ўзбекистонда энергия ишлаб чиқарувчи қувватларни модернизация қилиш ва муқобил энергетика соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун Россия инвестицияларини жалб қилиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Икки мамлакат тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ва мутахассисларидан иборат ҲКнинг барча 9 тегишли кичик комиссиялар ишини фаоллаштиришга келишилди. Кичик комиссиялар раҳбарларининг эришилган барча келишувларни сифатли амалга ошириш юзасидан келгуси йил учун кутилаётган натижалар, аниқ механизмлар, масъул ижрочилар ва муддатлар акс этган амалий чора-тадбирлар режаларини қисқа муддатларда тасдиқлашга келишиб олинди. Шунингдек, меҳнат миграцияси соҳасида инновациялар ва рақамли технологиялар бўйича 2 та янги кичик комиссиялар тузишга ҳам келишиб олинди.

Учрашув якунида тадбир давомида эришилган асосий келишувларни акс эттирувчи якуний Баённома имзоланди.

 

https://mift.uz/