×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Тошкентда Ўзбекистон-Тожикистон бизнес-форуми бўлиб ўтди

Тожикистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи арафасида Тошкент шаҳрида икки мамлакат расмий ва ишбилармон доираларининг 200 дан ортиқ вакилларини бирлаштирган Ўзбекистон-Тожикистон бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Форумни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков ва Тожикистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Давлатали Саид очиб берди.

Ўз чиқишларда икки мамлакат делегациялари раҳбарлари иқтисодий муносабатларни кенгайтириш, юқори технологияли қўшма ишлаб чиқариш объектларини яратиш, юқори талабга эга бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва истиқболли бозорларга етказиб бериш бўйича кооперация алоқаларини ўрнатиш учун улкан имкониятлар мавжудлигини қайд этдилар ҳамда Ўзбекистон ва Тожикистон ишбилармон доиралари вакилларини фаол ва муваффақиятли ҳамкорлик қилишга чақирдилар. Шу ўринда, икки мамлакат ҳукуматлари қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ҳар қандай зарур ёрдамни кўрсатишга тайёрлиги таъкидланди.

Яқин келажакда ўзаро савдони ривожлантириш ва саноат кооперациясини ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида тез орада “Ойбек” ва “Фотехобод” назорат пунктларининг ёнида “Ўзбекистон – Тожикистон” чегараолди савдо-саноат зонасини ташкил қилиш режалаштирилаётгани маълум қилинди. Унда ишлаб чиқариш объектлари, логистика марказлари ва зарур инфратузилма жойлашган бўлади.

Шунингдек, мамлакатларимизнинг енгил саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фармацевтика, электротехника, тоғ – кон саноати ва энергетика каби соҳаларда саноат кооперациясини янада чуқурлаштириш борасидаги ишларни фаоллаштириш ниятлари маълум қилинди. Шу нуқтаи назардан, 2021 йилда хусусий сектор лойиҳаларини қўллаб-қувватлашнинг самарали воситаси сифатида ташкил этилган Ўзбекистон-Тожикистон инвестициявий компаниясининг имкониятлари таъкидланди.

Форум давомида транспорт ва логистика ҳамда ҳудудлараро ҳамкорлик соҳаларидаги қўшма лойиҳа ва ташаббуслар ҳақида ҳам сўз юритилди.

Тадбир доирасида “B2G” ва “B2B” форматидаги иштирокчиларнинг мақсадли учрашувлари ўтказилди. Форум якунлари бўйича 1062,6 миллион долларлик 75 савдо-иқтисодий ҳужжат имзоланди.

 

Манба: mift.uz