×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Тошкентда Ўзбекистон-Венгрия савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг 5-йиғилиши бўлиб ўтди

Жорий йил 18 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 5-йиғилиши, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди.

Тадбирларда хорижий томондан Венгриянинг Ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазирлиги, Инновация ва технологиялар вазирлиги, Туризм агентлиги, Венгрия ва Будапешт савдо-саноат палаталари вакиллари, шунингдек, бизнес доираларининг катта делегацияси иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ҳамда Венгрия Ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири П.Сийярто йиғилиш ҳамраислари бўлишди.

Кун тартибига савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш ва инвестиция, молия, техника, илм-фан, инновация ва туризм соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари киритилди.

Йиғилиш давомида икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларига урғу берилди, жумладан, қишлоқ хўжалигининг алоҳида секторлари – чорвачилик, қорамолчилик, балиқчилик ҳамда виночилик, фармацевтика тармоги ва таълим соҳаси – икки томонлама дипломлар бериш билан қўшма ўқув дастурларини ташкил этиш ва Ўзбекистон олий таълим муассасаларини Европа Иттифоқининг «Эразмус плюс», «Темпус», «Горизонт 2020» каби таълим дастурларида иштирок этишини қўллаб-қувватлаш каби масалалар таъкидланди.

 Ҳукуматлараро даражадаги очиқ мулоқот истиқболли инвестиция лойиҳалари ва савдо битимларини ишлаб чиқишни назарда тутувчи икки томонлома ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун ўзаро манфаатларни аниқ белгилаб олиш ҳамда мамлакатлар ўртасидаги идоралараро ҳамкорликнинг самарали шаклини аниқлаш имконини берди.

 Ҳукуматлараро комиссияси йиғилишининг якуни бўйича тегишли баённнома имзоланди, форум давомида эса бир қатор икки томонлама ҳужжатлар, жумладан қишлоқ хўжалиги соҳасида инвестициявий келишувлар, АТБ «Микрокредитбанк» ва Венгрия Эксимбанки ўртасида ҳамкорлик ва банклараро молиялаштиришни тақдим этиш тўғрисидаги битим ҳамда Тошкент шаҳрида Дебрецен университетининг филиалини очиш тўғрисида келишув имзоланди.