×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон ва Бангладеш саноат кооперациясини кенгайтирмоқда

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Бангладеш Халқ Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Муҳаммад Заҳангир Алам билан учрашув бўлиб ўтди.

Томонлар инвестициявий, савдо-иқтисодий соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги кун тартибини батафсил муҳокама қилдилар. Хусусан, қўшма ташаббус ва лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига ҳамкорликни янада чуқурлаштириш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилди.

Муҳаммад Заҳангир Алам Бангладеш компанияларининг Ўзбекистон бозорига катта қизиқишини таъкидлади. “Бу ерда бизнес юритиш учун кенг имкониятлар ва қулай шароитлар яратилмоқда”, – дея ўз баҳосини берди дипломат. Шу муносабат билан учрашувда саноат кооперациясини фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди. Ҳозирги босқичда сўз тайёр маҳсулотларни учинчи мамлакат бозорларига экспорт қилиш мақсадида қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, тўқимачилик, чарм-пойабзал ва фармацевтика тармоқларида лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда қўшма корхоналар ташкил қилиш ҳақида бормоқда.

Томонларни қизиқтирган бошқа бир қатор масалалар ҳам муҳокама қилинди. Масалан, “Тошкент – Дакка – Тошкент” йўналиши бўйича тўғридан-тўғри рейсларни тиклаш муҳимлиги қайд этилди. Бу, ўз навбатида, Тошкентнинг Бангладешдан учиб келаётган транзит рейслари учун хаб сифатида хизмат қилишига замин яратади.

Учрашувда таъкидланганидек, Бангладешнинг “БиТиВи Ворлд”, “Банглавижн”, “Джамуна Телевижн” ва “ЭнТиВи Бангладеш” каби таниқли телеканаллари журналистларининг реклама ва промороликлари учун медиа-контентни тайёрлаш мақсадида Ўзбекистонга ташрифлари туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга ёрдам беради.

Шунингдек, Ўзбекистонга туристик оқимини ошириш мақсадида икки мамлакат миллий авиакомпаниялари ўртасида код-шеринг тўғрисидаги битим (рейслардан биргаликда фойдаланиш тўғрисидаги битим)ни тузиш ҳамда Бангладеш фуқаролари учун мамлакатимизга киришларини соддалаштириш учун виза беришнинг электрон тизимини жорий қилиш имкониятини кўриб чиқиш режалаштирилди.

Музокаралар якунида томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Бангладеш ҳукуматлараро комиссиясининг 3-йиғилишига тайёргарлик кўришни бошлашга келишиб олдилар.

Manba:mift.uz