×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон ва Арканзас штати ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилади

Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси хабарига кўра, учрашувдан асосий мақсад Арканзас ҳукумати, етакчи давлат компаниялари билан билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш, америкалик тадбиркорларни Ўзбекистон бозорига жалб этиш ва минтақанинг олий ва ўрта махсус таълим соҳасидаги илғор тажрибаларини ўрганишдир.

Элчихона хабарига кўра, учрашув давомида Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашнинг устувор йўналишлари, унда давлатнинг ролини камайтириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича батафсил тақдимот ўтказилди.

Ўзбекистон ва Арканзас ўртасида қишлоқ хўжалигида кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кенгайтириш, Walmart» ва “Dillardʼs» компаниялари тармоғида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини сотиш орқали мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, кар ва эшитиш қобилияти заиф болаларни ўқитиш бўйича Арканзас тажрибасини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Штат бу йўналишда етакчилардан бири бўлиб, имконияти чекланган болалар учун дастлабки мактаб 1850 йилда очилган.

Арканзас маъмурияти вакили штат билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришга тайёрлигини билдирди ва икки томонлама муносабатлар кун тартибини сифатли таркиб билан тўлдириш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишини маълум қилди.

Учрашув якунида томонлар Walmart» ва “Dillardʼs» компаниялари билан қуритилган мевалар ва тўқимачилик маҳсулотларини АҚШга экспорт қилишни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш, маҳаллий университетлар ва Арканзас штати университети ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, Арканзас карлар мактаби вакиллари билан маҳаллий мутахассислар учрашувини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришдилар.