×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Rothschild & Cо. Ўзбекистондаги фаолиятини фаоллаштирмоқда

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ҳамда “Rothschild&Со” Кузатув Кенгаши раисининг ўринбосари барон Эрик де Ротшильд ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

Томонлар қатор йўналишлардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини ва яқин келажакда уни кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилдилар.

Хорижий компания раҳбари Ўзбекистонда диверсификациялашган бозор иқтисодиётга эга очиқ давлат қуришга қаратилиб, амалга оширилаётган муваффақиятли ислоҳотларни юқори баҳолади.

Ўзбекистонда давлат активларини хусусийлаштиришда, шунингдек, мамлакат банк-молия секторини ривожлантиришда эришилган ижобий тенденциялар тилга олинди. Манфаатдор хорижий инвесторларни жалб қилган ҳолда йирик давлат корхоналар ва банкларни хусусийлаштириш борасида ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда миллий банк тизимини ривожлантириш ҳамда ислоҳ қилишда биргаликда ишлашга тайёрлик билдирилди.

Хорижий томон шунингдек, транспорт соҳасини трансформациялаш, жумладан, Ўзбекистонда инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишга хусусий инвесторларни жалб этишга кўмаклашиш орқали ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирди.

Томонлар металлургия, кимё ва нефть-кимё саноати, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларидаги устувор лойиҳаларни инвестициялар киритишдан олдин биргаликда тайёрлаш ҳамда кейинчалик ушбу лойиҳаларни амалга оширишга хорижий инвесторларни жалб қилиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга ҳам келишдилар.

Музокаралар якунида томонлар муҳокама этилган ҳамкорлик йўналишлари доирасида навбатдаги саъй-ҳаракатларни белгилаб олдилар.

Маълумот учун: 1811 йилда ташкил этилган “Rothschild&Co” компанияси Ротшильдлар оиласи томонидан бошқариладиган молиявий холдинг компаниясидир. Қароргоҳи Париж шаҳрида жойлашган. “Rothschild Group” банки гуруҳига “N.M. Rothschild & Sons” (Лондон) ва “Rothschild & Cie Banque” (Париж) компаниялари ҳам киради. Гуруҳ фаолияти инвестициявий ҳамда корпоратив банк хизматлари, хусусий капитал қўйилмалари, активларни бошқариш, хусусий банк хизматлари ва бошқа соҳаларни қамраб олади.

 

https://mift.uz/