×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Иқтисодий концентрация соҳасидаги 2020 йил натижалари

2020 йил давомида Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларига хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олиш ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги акцияларни (улушларни) олиш бўйича битимларга олдиндан розилик бериш бўйича жами 153 та мурожаатлар келиб тушди. Шундан, 37 таси хўжалик юиртувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олиш юзасидан бўлиб, 116 таси акцияларни (улушларни) олишга доир мурожаатлар ҳисобланади. Ушбу мурожаатларнинг 35 таси хорижий инвесторларга тегишли.

Шу билан бир қаторда “Рақобат тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилганлиги учун, яъни хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва улушларни олишда монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олмасдан амалга оширилган битимлар сабабли 5 та хўжалик субъектига нисбатан иш қўзғатилиб кўрсатма берилди.

2020 йилда келиб тушган барча мурожаатлар чуқур таҳлил қилиниб, Қўмита томонидан жами 3 303 млрд. сўмлик битимларга олдиндан розилик берилди, шундан 59 фоизи, яъни 1 957 млрд. сўмлик (193 млн. АҚШ долл.) битимлар хорижий инвесторлар ҳиссасига тўғри келади.

Хорижий инвесторлар томонидан асосан тўқимачилик, фармацевтика, ахборот технологиялари, электротехника, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва шу каби соҳаларга тўғридан-тўғри маблағлар ва замонавий технологиялар кўринишида инвестициялар киритилиши кўзда тутилган.

Мисол тариқасида олиб кўрадиган бўлсак, 2020 йилда қуйидаги бир нечта йирик битимларни тузишга монополияга қарши органнинг олдиндан розилиги берилди:

“Société des Produits Nestlé S.A.” компанияси (Швейцария) томонидан
“NESTLE FOOD” МЧЖ ХКнинг устав фондидан 99,99 фоиз улуш олишига.

“NESTLE FOOD” МЧЖ ХКнинг асосий фаолияти озиқ-овқат маҳсулотлари улгуржи савдоси ҳисобланади.

“LUKOIL INTERNATIONAL GmbH” компанияси (Австрия) томонидан “LUKOIL Uznefteprodukt” МЧЖнинг устав фондидан 51 фоиз улуш олишига.

“LUKOIL Uznefteprodukt” МЧЖнинг фаолият тури мотор ёқилғиси чакана савдоси ҳисобланади.

“QIZILQUM FOSFORIT KOMPLEKSI” МЧЖни “OLMALIQ KON-METALLURGIYA KOMBINATI” АЖга қўшиб олишга.

“OLMALIQ KON-METALLURGIYA KOMBINATI” АЖнинг фаолият тури рангли металл рудаларини қазиб олиш ҳисобланади.

https://antimon.gov.uz/