×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Тошкентда Республика тармоқлараро саноат ярмаркаси ўз ишини бошлади

Жорий йилнинг 14 декабрь куни “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган Республика тармоқлараро саноат ярмаркаси ўз ишини бошлади.

Ярмарканинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси раҳбарияти, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, холдинг компаниялари, шунингдек, ишбилармон доиралари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Ярмаркада 3185 та саноат ва ҳудудий корхоналар қатнашмоқда ҳамда тақдим этилган маҳсулотлар ассортименти 5169 та товар позициясини ташкил қилади.

Тадбирни очар экан, С.Умурзаков Ўзбекистонда ишлаб чиқарувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш орқали саноат салоҳиятини ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини ва бу борада мамлакат ҳукумати самарали чоралар кўраётганини таъкидлади. Мазкур ярмарка ҳам ана шундай чора-тадбирлардан бири бўлиб, маҳаллий тадбиркорлар ўртасида кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш, юқори технологияли ишлаб чиқаришларни кўпайтириш, маҳаллий хомашёни қайта ишлашни чуқурлаштириш, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва иш ўринлари яратишга қаратилгани қайд этилди.

Шу ўринда Электрон кооперация порталининг ўрни алоҳида таъкидланди: жорий йилда ўтказилган ҳудудий тармоқлараро ярмаркалар давомида Портал орқали маҳаллий саноат маҳсулотларини етказиб бериш бўйича умумий суммаси 4 триллион сўмдан ортиқ 2,6 минг савдо шартномалари тузилгани маълум қилинди. Бундан ташқари, импорт ўрнини босувчи саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга доир 973 та инвестиция битими имзоланди.

Давлат раҳбарининг шу йил ноябрь ойида қабул қилинган қарорига мувофиқ, Портал Рақамли трансформация марказига айлантирилади ва унинг вазифаси маҳаллий тадбиркорлар ва экспортчилар учун ягона рақамли экотизимни яратиш бўлади. Ушбу экотизимдан фойдаланиб, тадбиркорлар ташқи тўлов хизматларидан, шунингдек, савдо операциялари давомида тўлов мажбуриятларининг бажарилишини кафолатлайдиган “эскроу” механизмидан фойдаланиш имкониятига эга бўладилар. 2024 йилнинг 1 январигача экотизимга интеграция қилинган электрон тижорат платформалари учун даромад солиғи ставкаси икки баробар камаяди. Ушбу экотизимнинг муҳим таркибий қисми марказлаштирилган логистика платформаси ҳисобланади. У орқали тадбиркорлар учун ички ва ташқи бозорларга маҳсулотларни етказиб беришда маҳаллий ва хорижий транспорт компаниялари хизматларидан фойдаланиш жараёни осонлашади.

Ярмарканинг ўзига хос хусусияти нафақат маҳаллий корхоналар ўртасида кооперация алоқаларини йўлга қўйиш, балки мамлакатимизда харидоргир импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган инвестиция лойиҳалари сонини кўпайтиришни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тадбирга тайёргарлик кўриш босқичида Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқариш объектларининг импорт таркиби чуқур таҳлил қилинди. Таҳлил натижалари асосида мамлакатда маҳаллийлаштирилиши керак бўлган товар позициялари белгиланди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази томонидан аниқ техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар асосида инвестициявий лойиҳалар ишлаб чиқилди ва улар тадбир давомида иштирокчиларга тақдим этилади.

Ярмарканинг дастури алоҳида мавзуларга бағишланган тадбирларга тўла. Жумладан, 14 – декабрь – ярмарканинг биринчи кунида фойдали қазилмаларни қазиб чиқариш, металлургия, геология ва кимё саноати йўналишларида тақдимотлар ташкил этилди. Енгил саноат, энергетика, нефть-газ соҳаси, инновация ва молия соҳаларида тақдимот ва музокаралар ўтказилиши 15 декабрга мўлжалланган.

Ярмарка давомида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Электрон кооперация портали мутахассислари иштирокчилар билан фаол ҳамкорлик қилиб, бўлажак ҳамкорлар билан мулоқотга киришиш ҳамда бизнес муносабатларининг амалий жиҳатларини муҳокама қилиш учун “B2B” шаклида музокаралар ташкил этишга кўмаклашмоқда.

Республика тармоқлараро саноат ярмаркаси жорий йилнинг 18 декабрига қадар давом этади. Тадбирда иштирок этиш учун ишлаб чиқариш корхоналари, кичик ва ўрта бизнес вакиллари ҳамда хусусий тадбиркорлар таклиф қилинади.

 

mift.uz