×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Сеулда Ўзбекистонга хорижий сармоя ва замонавий технологияларни жалб этиш бўйича Кореянинг UNIDO ITPO ташкилоти билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Ўзбекистонлик дипломатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (UNIDO ITPO Korea) сармоя ва технологияларни рағбатлантириш бўйича Жанубий Корея бюросининг сармояларни илгари суриш бўйича координатори Ким Чонг Мин билан учрашди.

“UNIDO ITPO Korea” нинг асосий вазифаси ривожланаётган мамлакатларда Жанубий Корея инвестициялари ва саноат технологияларини илгари суриш бўйича турли лойиҳаларни амалга оширишдан иборат. Шундай қилиб, UNIDO ITPO Korea Жанубий Корея компанияларини рағбатлантиради ва уларнинг хорижда бизнесини кенгайтириш ва ривожлантиришда ёрдам беради.

Учрашувда Ким Чонг Мин ташкилотнинг Жанубий Корея ва хориждаги асосий фаолияти ва амалга оширилаётган дастурлари ҳақида маълумот берди. Шунингдек, у Ўзбекистоннинг Жанубий Корея компаниялари ва Жанубий Корея ҳукумати даражасидаги устуворлиги йил сайин ортиб бораётганини таъкидлади. Шу муносабат билан UNIDO ITPO Korea ташкилоти ҳамкорликни ривожлантириш ва ташкилотнинг тегишли дастурларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон йўналишида фаол фаолият олиб бормоқда.

Алоҳида Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар, хусусан, жорий йилнинг июл ойи бошида Тошкент шаҳрида инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва баҳолаш бўйича ўзбекистонлик мутахассисларнинг салоҳиятини ошириш бўйича ўқув семинари ўтказилиши қайд этилди. Мазкур ўқув семинарида иштирок этиш учун Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идораларидан иштирокчилар сараланмоқда. Ким Чонг Миннинг сўзларига кўра, тадбирда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бошқарма раҳбарлари даражасидаги вакиллар иштирок этиши кутилмоқда.

Музокараларда, шунингдек, ташкилотнинг хорижий сармояларни жалб қилиш ва хорижий лойиҳаларни илгари суриш бўйича Жанубий Корея тажрибасини ўрганиш бўйича режалаштирилган дастури муҳокама қилинди. Октябр-ноябр ойларида ўтказилиши режалаштирилган ушбу тадбирда иштирок этиш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда унга қарашли ташкилотлар вакилларини жалб этиш режалаштирилган.

Учрашувда, шунингдек, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ва Ўзбекистонга Жанубий Корея сармояси ва замонавий технологияларини жалб этишнинг устувор тармоқлари юзасидан фикр алмашилди.

Хусусан, Жанубий Корея компаниялари сармояси ва технологияларини жалб этган ҳолда Ўзбекистонда энергетика, тўқимачилик, фармацевтика, чарм-поябзал ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистоннинг кўриб чиқилаётган устувор тармоқларини ривожлантириш бўйича Korea UNIDO ITPO нинг тегишли дастурларини амалга оширишда яқин ҳамкорликни фаоллаштириш ва давом эттириш бўйича келишувга эришилди.

                                                                                                                                                                                                                                                                                                                        Manba:Dunyo.info